Журналга мақолаларни тақдим этиш шартлари

 

ўзбекча на русском in еnglish

 

“Иқтисодиёт ва инновацион технологиялар” илмий электрон журналига тақдим этиладиган илмий мақолаларга қўйиладиган асосий талаблар жаҳон андозалари ҳамда Ўзбекистонда яқиндан бери амал қилаётган PhD тадқиқотлари тизимидаги андозалардан келиб чиқади. Журнал бундай юқори талаблар ўрнатиш орқали ўз муаллифларини аста-секин халқаро андозаларга мослашиб боришида яқиндан кўмак бериш вазифасини бажаради. Қўшимча саволлар, талаб ва таклифлар бўйича таҳририятнинг электрон манзили [email protected] ёки телефони (тел: +998) 71 239 28 41 орқали мурожаат этиш мумкин.

1. Муаллиф (ёки муаллифлар) томонидан тақдим этилаётган илмий мақола мавзуси “Иқтисодиёт ва инновацион технологиялар” илмий электрон журналинингБўлимлар” номли рукнида келтирилган йўналишларнинг бирортасига мос келиши шарт.

2. Мақолалар асосан эмпирик тадқиқот, кейс-стади, адабиётлар таҳлили ва шарҳ, назария, амалиёт, услубиёт, профессионал илмий тақриз ва бошқа тавсифга эга бўлиши лозим. 

3. Мақола халқаро андозалар талаби доирасидаги қуйидаги аниқ бандларга эга бўлиши лозим:

- Мақола мавзуси (Title)

Мақола мавзуси имкон қадар қисқа ва лўнда кўринишда 3 та тилда шакллантирилган бўлиб, мақоланинг тадқиқот йўналишини аниқ ифода этиши лозим.

- Мақола муаллифи тўғрисида маълумот (Author information)

Ушбу қисмда муаллифнинг исми-шарифи (отасининг исми билан), иш жойи ва лавозими, илмий даражаси ва унвони, ORCID рақами, электрон почта манзили ва мулоқот телефонлари 3 та тилда киритилади (барча маълумотлар қисқартмаларсиз тўлиқ киритилиши керак).

- Мақола аннотацияcи (Abstract)

Мақолаларнинг қисқача аннотацияси 8-10 қатордан ошмаган ҳолда ўзбек, рус ва инглиз тилларида берилади. Унда тадқиқот муаммоси, унинг долзарблиги, тадқиқот муаммосини очиб бериш учун қўлланилган методология, тадқиқот натижалари, мақоланинг тўла мазмунидан келиб чиққан ҳолда муаллифнинг илмий ва амалий ҳиссасининг қисқача баёни ёритилади.

- Таянч сўзлар (Key words)

Таянч сўзлар мақола мазмуни ва мақсадини энг қисқа мазмунда очиб берувчи калит сўзлар ҳисобланади. scholar.google.com ёки google.com қидирув тизимида мақола осон ва энг биринчи саҳифаларда топилиши учун таянч сўзларнинг ҳар бири асосий матн таркибида ўртача 5-10 марта такрорланиши тавсия этилади.

- Кириш (Introduction)

Кириш қисмида асосан тадқиқот муаммоси, унинг мақсад ва вазифалари ёритилади. Мазкур қисм тадқиқот мавзусининг танланиш асоси, унинг долзарблиги ва илмий аҳамиятини тушунтириб беради (ушбу қисмда Президент асарлари ва маърузаларига албатта мурожат қилиниши лозим).

- Мавзуга оид адабиётларнинг таҳлили (Literature review)

Мавзуга оид адабиётлар таҳлили тадқиқ этилаётган муаммо юзасидан муаллифнинг билим ва тасаввурларга эга эканини намоён этувчи қисм ҳисобланади. Адабиётлар таҳлили мавжуд интеллектуал ҳудуд доирасини баҳолаш ва шу асосда маълум харита яратишни англатади. Адабиётларнинг танқидий таҳлилидаги уринишлар мазкур мавзу доирасидаги билимларни кучайтиради ва тадқиқот саволларини янада ойдинлаштиришга ёрдам беради. Ўз мазмунига кўра ҳар қандай тадқиқот айни шу соҳада яратилган аввалги билимлар негизига қурилади. Адабиётлар бўйича таҳлил асосан соҳадаги энг янги журнал мақолалари ва бошқа турдаги маълумот манбалари асосида амалга ошади (мавзуга оид мақолаларни калит сўзлар ёрдамида www.scholar.google.com қидирув тизимидан топиш мумкин).

- Тадқиқот методологияси (Research Methodology)

Тадқиқот методологияси тадқиқотнинг энг муҳим қисмларидан бири бўлиб, у ўтказилаётган тадқиқотнинг умумий харитаси, тадқиқот йўли ва манзилга (натижага) олиб борувчи харитавий чизгилари ҳисобланади. Тадқиқот методологияси тадқиқот фалсафаси ва йўналишини (дедукцион ёки индукцион) белгилаш, тадқиқот дизайни, яъни тадқиқот муаммосининг ечимига олиб борувчи бош режасини тузиш, тадқиқот учун зарур ахборотни олиш йўллари ва тадқиқот этикасини белгилаш, тадқиқот объектининг танлови (sampling), бирламчи ёки иккиламчи маълумот манбаларидан фойдаланиш тўғрисидаги қарорлар, тадқиқот стратегиясини (кузатиш, эксперимент, кейс-cтади, саволнома, этнографик, архив тадқиқот ва ҳ.к.) аниқлаш бўйича рационал қарор қабул қилиш асосида қўйилган муаммонинг аниқ ечимига олиб чиқувчи йўлни белгилашни англатади. Методология қисмининг мукаммаллиги тадқиқот учун белгиланган йўлнинг ишончлилиги (reliability) ва aниқлилигини (validity) асослаш орқали намоён бўлади.

- Таҳлил ва натижалар (Analysis аnd results)

Тадқиқотнинг таҳлил қисми тадқиқот методологиясида аввалдан белгилаб олинган таҳлил усуллари (математик моделлар ва бошқалар) орқали йиғилган маълумотларнинг таҳлилини амалга оширади. Бунда фақатгина таҳлил усулининг натижалари ифода этилади; топилган натижалар бўйича муҳокама мақоланинг кейинги қисмининг вазифаси ҳисобланади.

- Хулоса ва таклифлар (Conclusion/Recommendations)

Тадқиқотнинг мақсад, вазифаларининг англашилганлиги ҳамда тадқиқот саволларининг ўз жавобини топганлиги, тадқиқотнинг асосий натижаларига ва тадқиқотнинг умумий жараёнига умумий хулосалар, шу билан бирга, таклифлар ва айни тадқиқотдан келиб чиққан ҳолда келажак тадқиқот иши йўналишлари мақола хулоса ва таклифлари қисмининг асосини ташкил этиши лозим.

- Фойдаланилган адабиётлар рўйхати (References)

Ушбу қисмда тадқиқотда фойдаланилган барча адабиётларнинг рўйхати [1], [2] ёки [3] кетма-кетлигида қўйилади:

  • муаллифлар исми-шарифи, китоб номи, нашр манзили нашриёт номи, йили, бетлари;
  • муаллифлар исми-шарифи, мақола номи, журнал номи, нашри, йили, сони, бетлари

4. Мақола матни шрифти “Times New Roman”да, 14 кегелда бўлиб, қаторлар оралиқлари масофаси 1 интервалда бўлиши лозим. Мақола матни саҳифасининг барча (ўнг, чап, юқори ва қуйи) томонидан 2 сантиметрдан иборат масофа қолдирилади. Мақоланинг максимал ҳажми 16 бетдан ошмаслиги, минимал ҳажми эса 6 бетдан кам бўлмаслиги ҳамда фойдаланилган адабиётлар сони камида 10-15 манбадан иборат бўлиши лозим.

5. Мақолада албатта жадвал, чизма ёки расмлар бўлиши шарт. Жадвал номлари унинг юқори қисмида, чизма ёки расм номлари уларнинг қуйи қисмида ёзилиши ҳамда уларнинг манбаси аниқ кўрсатилиши лозим. Мақолада жадвал, чизма ва расмларнинг берилиши мақола сифатини оширувчи манба бўлиб хизмат қилади.

6. Мақолалар ўзбек, рус, ёки  инглиз тилларида тақдим этилиши мумкин.

7. Ўзбек тилидаги ў, ғ, қ, ҳ каби ҳарфлар илмий мақола матнида гаплар таркибида тўлиқ ёзилиши шарт. Акс ҳолда илмий мақола таҳририят томонидан кўриб чиқилмайди.

8. Мақола тегишли фан йўналиши бўйича фан докторининг расмий тақризи билан бирга электрон қабул қилинади. Шу билан бирга, таҳририят мақолани қўшимча равишда тақризга тақдим этиши ва ушбу тақриз натижалари асосида мақолани чоп этиш масаласи бўйича тегишли қарорга келиши мумкин.

9. Юқоридаги талабларга жавоб бермайдиган мақолалар таҳририят томонидан кўриб чиқилмайди.

10. Келтирилган талаблар якуний эмас, баъзи мақолалар борасида Нашриёт қўшимча маълумот сўраш ҳуқуқини сақлайди.