ҚОҒОЗНИ ТЕЖАШ ВА УНДАН ОҚИЛОНА ФОЙДАЛАНИШ
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ ҚАРОРИ
22.07.2010 й. N 155
РЕСПУБЛИКАДА ҚОҒОЗНИ ТЕЖАШ ВА УНДАН ОҚИЛОНА ФОЙДАЛАНИШГА ДОИР ҚЎШИМЧА ЧОРА-ТАДБИРЛАР ТЎҒРИСИДА
Вазирлар Маҳкамасининг "Ўзбекистон Республикасида қоғозни тежаш ва ундан оқилона фойдаланиш чора-тадбирлари тўғрисида" 1999 йил 7 июндаги 291-сон қарорида ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ахборот-коммуникация технологияларини янада ривожлантиришга оид қўшимча чора тадбирлар тўғрисида" 2005 йил 8 июндаги ПҚ-117-сон қарорида белгиланган вазифаларни амалга оширишга доир амалий чора-тадбирлар кейинги йилларда қоғознинг ёзув, газета ва офсет турларидан янада оқилона фойдаланиш ва уларни тежашни таъминлади.
Қоғоз маҳсулотларини тендер асосида харид қилиш тизими ва сотиб олиш харажатларини камайтириш такомиллашмоқда, қоғознинг, аввало ёзув ва нусха кўпайтириш учун ишлатиладиган турларини ҳисобга олиш ҳамда уларнинг сарфланиши устидан назорат кучайтирилди. Кейинги уч йилда давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, шунингдек маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари аппаратларида қоғоз сарфи йилига 10 фоиздан 40 фоизгача қисқарди.
Бошқарув тизимини такомиллаштириш, маҳаллий ва тармоқлараро вазифаларни тезкор ҳал этиш, шунингдек қоғоз сарфини қисқартириш мақсадида компьютер ва ахборот-коммуникация технологиялари, шу жумладан, электрон ҳужжат айланиши, ахборот тизимлари изчил суръатларда жорий этилмоқда, давлат ва идоравий интерактив хизмат кўрсатиш турлари тармоғи ривожланмоқда. Компьютер техникаси билан жиҳозлаш даражаси давлат қўмиталарида - 61,0 фоизни, вазирликларда - 81,0, ҳокимликларда - 91,0 фоизни ташкил этади. Республика давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг ярмида қоғоз сарфини анча камайтириш имконини берган локал тармоқлар ва электрон ҳужжат айланиши тизими фаолият кўрсатмоқда.
Нашриёт-матбаа фаолияти, шунингдек оммавий ахборот воситалари соҳасида қоғознинг газета ва офсет турларини тежаш ва улардан оқилона фойдаланишга доир комплекс чора-тадбирлар қабул қилинди. Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги, "Шарқ" компанияси ва бошқа матбаа корхоналари томонидан ўз маблағлари ҳисобига модернизация қилиш ва босма маҳсулотларни ишлаб чиқаришнинг замонавий технологияларини жорий этиш таъминланмоқда. Китоб чиқариш ва даврий нашрларни чоп этишнинг барча босқичларида қоғоз сарфини қатъий тартибга солиш ва технологик харажатларни қисқартириш имконини берган стандартлар комплекси ишлаб чиқилди ва жорий этилди.
Шу билан бирга, "Ўзбекнефтгаз" миллий холдинг компаниясида, "Ўзбекенгилсаноат" давлат-акциядорлик компаниясида, "Ўзбекэнерго" давлат-акциядорлик компаниясида, "Ўзавтосаноат" акциядорлик компаниясида, Тошкент вилояти ва Тошкент шаҳар ҳокимликларида, шунингдек бошқарувнинг бошқа органларида ишларнинг аҳволини ўрганиш ёзув ва нусха кўпайтириш учун ишлатиладиган қоғозни сарфлашла зарур тартиб ўрнатиш, ушбу мақсадлар учун ажратилаётган бюджет маблағлари ва бюджетдан ташқари маблағларни мақбуллаштириш, ҳужжатлар айланишини қисқартириш қоғоз маҳсулотларидан тежаб фойдаланишда ходимларга талабчанликни кучайтириш бўйича камчиликларни бартараф этиш зарурлигини кўрсатди.
Аниқланган камчиликларни бартараф этиш ҳамда республикада қоғоздан оқилона ва тежамкорлик билан фойдаланиш, ушбу мақсадларда ахборот-коммуникация технологияларини ва тизимларини жорий этиш самарадорлигини ошириш, шунингдек бошқарув ва ижро этувчи аппаратлар фаолиятини мақбуллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар амалга оширилиши учун давлат ва хўжалик бошқаруви органлари раҳбарларининг шахсий жавобгарлигини ошириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси
ҚАРОР ҚИЛАДИ:
1. Вазирликлар, идоралар, хўжалик бирлашмалари, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар, шаҳарлар ва туманлар ҳокимликлари раҳбарлари қоғозни тежаш ва ундан оқилона фойдаланиш режимини ҳамма жойда кучайтириш, ахборот-коммуникация технологияларидан самарали фойдаланиш, қоғозбозлик ва расмиятчиликни бартараф этиш, ортиқча ҳужжатлар айланишини янада қисқартириш, кўп сонли мажлислар ва йиғилишлар ўтказиш, асосланмаган ҳисобот ва ахборот-маълумотнома тарзидаги материалларни сўраш амалиётини кескин чеклаш юзасидан кўрилаётган чора-тадбирларнинг натижадорлиги учун қатъий огоҳлантирилсинлар.
2. Республикада қоғозни тежаш ва ундан оқилона фойдаланишни таъминлаш бўйича қуйидаги асосий вазифаларни амалга оширишни назарда тутадиган қўшимча чора-тадбирлар комплекси (кейинги ўринларда қўшимча чора-тадбирлар комплекси деб аталади) 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин:
- қоғоз маҳсулотларини харид қилиш, ҳисобга олиш бўйича назорат тизимини кучайтириш, Давлат бюджети харажатлари классификациясига қоғоз харид қилиш учун алоҳида моддани жорий этиш, 2010-2012 йилларда қоғоз сарфини камида 30 фоизга, ҳар йили - 10 фоиздан қисқартириш. Ғазначилик ва унинг бўлинмалари томонидан ушбу мақсадлар учун маблағлардан фойдаланиш мақбуллаштирилиши устидан мунтазам равишда мониторингни амалга ошириш;
- 2011 йилда бошқарув органларининг маъмурий-бошқарув ходимларини компьютер техникаси билан таъминлашни якунлашни назарда тутган ҳолда ахборот-коммуникация технологияларини янада ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар комплексини ишлаб чиқиш, қоғоз ёзишмаларини, энг аввало ички идоравий қоғоз ёзишмаларини тегишли равишда қисқартирган ҳолда электрон ҳужжат айланишини кенгайтириш параметрларини қайта кўриб чиқиш ва 2011-2015 йиллар учун янги мақсадли параметрларни белгилаш, локал ва корпоратив компьютер тармоқларини, шунингдек бошқа ахборот тизимларини жорий этиш;
- бошқарув органлари ва ишлаб чиқариш корхоналари раҳбарлари ҳамда мутахассисларининг ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланиш борасидаги малакаси ва кўникмалари даражасини ошириш, уларни даврий аттестациядан ўтказишни жорий этиш;
- нашриётларнинг мавзу режалари мониторингини олиб бориш ва таҳлил қилиш, долзарб аҳамиятга эга бўлмаган ижтимоий аҳамияти кам бўлган адабиётлар нашр этилишини бартараф этиш. Матбаа корхоналарини янада модернизация қилиш, нашриётлар ва босма оммавий ахборот воситалари фаолиятига замонавий илғор технологияларни жорий этиш, нашриёт-матбаа жараёнларини мақбуллаштириш бўйича тармоқ стандартларини ва бошқа норматив ҳужжатларни қайта кўриб чиқиш ҳамда ишлаб чиқиш, шу асосда қоғознинг газета, офсет ва бошқа турларидан янада тежаб фойдаланишни таъминлаш;
- мактабларнинг айрим синфларида дарсликлар ва ўқув қўлланмаларидан фойдаланиш муддатларини узайтиришни назарда тутган ҳолда уларни янгилаш ва нашр этиш даврийлигини мақбуллаштириш;
- республиканинг маҳаллий қоғоз маҳсулотлари ишлаб чиқариш бўйича фаолият кўрсатаётган корхоналари ва ишлаб чиқаришларини модернизация қилиш, техник ва технологик жиҳатдан янгилашни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш, уларда ресурслар ва энергияни тежаш технологияларини жорий этиш, маҳсулотлар ҳажмини кўпайтириш ва номенклатурасини кенгайтириш чора-тадбирларини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш;
- қоғоз маҳсулотлари ишлаб чиқаришнинг хом ашё базасини янада ривожлантириш, иккиламчи қоғоз чиқиндиларини қайта ишлаш учун тўплаш, тайёрлаш ва етказиб бериш, шунингдек қайта ишлаш тизимини кучайтириш ва такомиллаштириш.
3. Республикада қоғозни тежаш ва ундан оқилона фойдаланишни таъминлашга доир қўшимча чора-тадбирлар комплексини амалга ошириш бўйича Республика комиссияси ва гуруҳларнинг таркиби 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин. Комиссия (А.Н.Арипов):
бир ҳафта муддатда - Комиссиянинг вазифалари, функциялари ва ваколатлари аниқ белгиланган Низомини ишлаб чиқсин ва тасдиқлаш учун киритсин;
ўн кун муддатда - тасдиқланган Қўшимча чора-тадбирлар комплекси ва ушбу қарор талаблари ўз вақтида ҳамда тўлиқ амалга оширилишини таъминлаш учун давлат ва хўжалик бошқаруви органлари раҳбарлари иштирокида Комиссиянинг ташкилий мажлисини ўтказсин;
йилнинг ҳар чорагида - Қўшимча чора-тадбирлар комплекси бўлимлари бажарилишининг бориши ва амалий натижалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига ахборот берсин.
4. Вазирлар, давлат қўмиталари ва давлат бошқаруви бошқа органларининг раислари, хўжалик бирлашмалари раҳбарлари, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар, шаҳарлар ва туманлар ҳокимлари 10 кун муддатда ушбу қарор талаблари ва тасдиқланган Қўшимча чора-тадбирлар комплексини амалга ошириш бўйича амалий тадбирлар дастурини ишлаб чиқсинлар ва тасдиқласинлар.
5. Вазирлар Маҳкамасининг "Ўзбекистон Республикасида қоғозни тежаш ва ундан оқилона фойдаланиш чора-тадбирлари дастури тўғрисида" 1999 йил 7 июндаги 291-сон қарори ва Вазирлар Маҳкамасининг 1999 йил 15 июндаги 275-ф-сон фармойиши ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.
6. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосарлари А.Н.Арипов ва Б.А.Хўжаев, Ижро этувчи аппарат бошқарувчиси Д.О.Мусаев зиммасига юклансин.
Қарорнинг бажарилиши ва натижалари тўғрисида 2011 йил январь ойида ахборот берилсин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири Ш. Мирзиёев
"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами", 2010 йил, 30-сон, 252-модда.