Илмий-амалий тадқиқотлар ва инновацион ишланмалар ривожлантирилиши ҳамда ишлаб чиқаришни модернизация қилиш, техник ва технологик янгилаш жараёнларига татбиқ этишни рағбатлантириш бўйича амалий механизмлар яратиш, фан ва ишлаб чиқаришни янада мустаҳкам алоқасини таъминлаш мақсадида, шунингдек илмий тадқиқот ташкилотлари ҳамда реал сектор корхоналари ўртасида инновацион ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш борасида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 15.07.08 йилдаги ПҚ-916-сонли «Инновацион лойиҳалар ва технологияларни ишлаб чиқаришга татбиқ этишни рағбатлантириш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Қарорида Олий ўқув юртлари олдига бир қатор вазифалар қўйилган.
Ушбу вазифаларни ҳал этиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 11.10.06 йилдаги 214-сонли “Ўзбекистон Республикасида оммавий ахборот воситаларини давлат рўйхатидан ўтказиш тартибини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги Қарори ҳар томонлама ўрганиб чиқилди. Ушбу қарорнинг биринчи “Умумий қоидалар” номли бобининг иккинчи бандида оммавий ахборот воситаси дейилганда оммавий ахборотни даврий тарқатишнинг доимий номга эга бўлган ҳамда босма тарзда (газеталар, журналлар, ахборотномалар, бюллетенлар ва бошқалар) ва (ёки) электрон тарзда (теле-, радио-, видео-, кинохроникал дастурлар, умумфойдаланишдаги телекоммуникация тармоқларидаги веб-сайтлар) олти ойда камида бир марта нашр этиладиган ёки эфирга бериладиган шакли ҳамда ахборотни даврий тарқатишнинг бошқа шакллари тушунилади, деб таъкидланганлиги боис Тошкент давлат иқтисодиёт университетининг “Иқтисодиёт ва инновацион технологиялар” номли илмий электрон журналини таъсис этиш бўйича Илмий Кенгаш қарори қабул қилинди.
Ушбу электрон илмий журналда муаллифлар ўз мақолаларини саноат, инфратузилмалар, транспорт ва коммуникация қурилишини инновацион ривожлантириш, банк-молия тизимини янада ислоҳ этиш ва унинг барқарорлигини ошириш, узоқ истиқболдаги таркибий ўзгаришларни давом эттириш ва инновацион иқтисодиёт рақобатбардошлигини янада оширишни таъминлаш масалаларига қаратишлари тавсия этилади.
Ҳозирги кунда илмий электрон журналлар чет элнинг етакчи университетларида кенг жорий қилинган. Ахборотлашган жамиятнинг шаклланиб бориши билан умумфойдаланишдаги телекоммуникация тармоқларидаги веб-сайтлар негизида ташкил қилинаётган электрон оммавий ахборот воситаларининг салмоғи ортиб бормоқда. Бу турдаги нашрларнинг кенг амалиётга жорий этилиши нафақат ахборотларни тезкор етказиб беришни оширади, балки қоғоздан ҳам самарали фойдаланишга олиб келади. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 22.07.10 йилдаги 155-сонли “Республикада қоғозни тежаш ва ундан рационал фойдаланиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар” ҳақидаги Қарорида ҳам бошқарув тизими, локал ва тармоқлараро масалаларни тезкор ҳал қилиш жараёнларида қоғозни сарф қилишни камайтириш борасида ахбороткоммуникация технологиялари кенг жорий қилиниб борилаётгани таъкидлаб ўтилган. Электрон ҳужжат алмашуви тизимидан амалиётда кенг фойдаланишга ўтилмоқда ва давлат ҳамда ташкилотларнинг интерактив турдаги хизматлари тармоғи кенгаймоқда. Бошқарув жараёнларининг ҳужжат айланишида қоғозни тежаш ва ундан рационал фойдаланиш борасида ахборот-коммуникация технологияларидан самарали фойдаланиш вазифаси ушбу қарорда долзарб қилиб келтирилган.
Нашр қилинаётган “Иқтисодиёт ва инновацион технологиялар” номли илимй электрон журнал ОАК Раёсатининг 2013 йил 30 декабрдаги 201/3-сон Қарори билан "Иқтисодиёт фанлари" бўйича "Фан доктори илмий даражасига талабгорларнинг диссертация ишлари илмий натижалари юзасидан илмий мақолалар эълон қилиниши лозим бўлган республика илмий журналлари рўйхати"га киритилган.
Республикамизнинг етук олимлари ва амалиётчиларининг нуфузли илмий ишлари натижалари билан ёш олимлар, катта илмий ходим-изланувчилар, мустақил изланувчилар ва магистрларни яқиндан таништириб бориш ҳамда республикамизнинг ижтимоий-иқтисодий соҳаларида эришилаётган инновацион ютуқларини оммага тезкорлик билан етказиб бериш ушбу электрон журналнинг асосий вазифаларидан ҳисобланади.
Журналнинг Интернет ахборот тармоғидаги манзили "iqtisodiyot.tsue.uz" деб номланади.