Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академияси академиги, иқтисод фанлари доктори, профессор Саидаҳрор Саидаҳмедович Ғуломов, нафақат республикамизда, балки чет элларда ҳам иқтисодиёт, ахборот-коммуникация технологиялари, эконометрика, инновацион иқтисодиётни моделлаштириш ва унда ахборот технологияларининг ўрни ҳамда иқтисодий кибернетика фанлари бўйича йирик илмий мактаб яратиб, танилган иқтисодчи олим ҳисобланади.
Ушбу йирик мактабда академик С.С.Ғуломов 54 та фан доктори, 143 та фан номзодларига илмий раҳбарлик қилиб, илмий педагогик кадрлар тайёрлашга ўз ҳиссасини қўшмоқда. Академик С.С.Ғуломов ҳозирги кунда 300 дан ортиқ илмий иш эълон қилиб, шундан 130 таси дарслик, ўқув қўлланма, илмий монография ҳамда рисолалар бўлиб, улар бозор иқтисодиётининг долзарб муаммоларига бағишланган илмий ишлари нуфузли халқаро ва республика нашриётларида чоп этилган. Айниқса, академик С.С.Ғуломов давлатимизнинг олий таълим соҳасидаги ислоҳотларни, яъни “Таълим тўғрисида”ги Қонун ҳамда “Кадрлар тайёрлаш миллий дастури”ни амалиётга жорий этишда жонбозлик қилиб келмоқда.
Академик С.С.Ғуломов эконометрика, ахборот-коммуникация технологиялари, маркетинг ва иқтисодиёт фанлари соҳаларига тегишли монографиялари ушбу фанларни назарий жиҳатдан асослаш ва илмий-услубий асосларини бойитишга бағишланган илмий тадқиқот ишлари билан ушбу фанларнинг шаклланишига катта ҳисса қўшиб келган.
Ҳозирги вақтда академик С.С.Ғуломов “Ахборот-коммуникация технологияларидан туризм соҳасида самарали фойдаланиш методологиясини ишлаб чиқиш” фундаментал грантига раҳбарлик қилиб келмоқда.
Академик С.С.Ғуломов илмий фаолиятида бир қанча газета ва журналларда бош муҳаррир вазифасини бажарган, жумладан “Ўзбекистонда ижтимоий фанлар” ҳамда “Иқтисодиёт ва таълим” журналларида бош муҳаррир бўлиб ишлаган, ҳозирги вақтда “Ўзбекистоннинг иқтисодий хабарномаси” журналида таҳрир ҳайъати аъзоси ва “Ўзбекистон” илмий- оммабоп журнали бош муҳаррири.