Профессор Бахтиёр Таджиевич Салимов “Қишлоқ хўжалигини давлат томонидан тартибга солиш ва жаҳон аграр ва озиқ-овқат бозорларига интеграцияси” йўналишидаги илмий мактаб яратган етакчи иқтисодчи олим ҳисобланади. Ушбу йирик мактабда профессор Б. Т. Салимов 2 та фан номзодига илмий раҳбарлик қилиб, илмий педагогик кадрлар тайёрлашга ўз ҳиссасини қўшмоқда.
Профессор Б. Т. Салимов ҳозирги кунда 80 дан ортиқ умумий ҳажми 115 б. т. дан иборат бўлган илмий ишлар эълон қилиб, шундан 2 таси дарслик ва ўқув қўлланма, 1 таси илмий монография ҳамда рисолалар бўлиб, улар асосан Ўзбекистон қишлоқ хўжалигини ислоҳ қилиш, соҳани ижтимоий иқтисодий ривожлантириш, давлатнинг аграр сиёсати, ташкилий ҳуқуқий негизи, бошқариш, аграр муносабатларни шакллантириш, қишлоқ хўжалигида иқтисодий ислоҳотларни чуқурлаштириш, бозор иқтисодиёти шароитида фермер хўжаликларини давлат томонидан тартибга солиш, қўллаб-қувватлаш тизимини такомиллаштириш, агробизнес статистикаси ва методологияси, қишлоқ хўжалигини модернизациялаш, суғориладиган ерлардан самарали фойдаланиш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш ҳажмини эконометрик моделлаштириш, Ўзбекистон агросаноат мажмуасини жаҳон аграр ва озиқ-овқат бозорларига интеграциялашувининг назарий-услубий асослари каби долзарб муаммоларга бағишланган илмий ишлари нуфузли халқаро ва республика нашриётларида чоп этилган.
Шу билан бирга профессор Б. Т. Салимов яратган дарслик ва ўқув қўлланмалар билан Ўзбекистонда миллий иқтисодчи кадрлар тайёрлаш, “Таълим тўғрисида”ги Қонун ҳамда “Кадрлар тайёрлаш миллий дастури”ни амалиётга жорий этишга улкан ҳисса қўшиб келмоқда.