Профессор Турсун Шодиев “Иқтисодий математик усуллар ва моделлар, эконометрика” йўналишдаги йирик илмий мактаб яратган, нафақат республикамизда, балки чет элларда ҳам танилган иқтисодчи олим ҳисобланади. Ушбу йирик мактабда профессор Т. Шодиев 5 та фан доктори, 34 та фан номзодига илмий раҳбарлик қилиб, илмий педагогик кадрлар тайёрлашга ўз ҳиссасини қўшмоқда.
Профессор Т. Шодиев ҳозирги кунда 230 дан ортиқ умумий ҳажми 250 б. т. дан иборат илмий ишлар эълон қилиб, шундан 6 таси дарслик, 6 таси ўқув қўлланма, 5 таси илмий монография ҳамда рисолалар бўлиб, улар асосан қишлоқ хўжалигида ишлаб чиқаришнинг иқтисодий самарадорлигини математик функциялар ёрдамида таҳлил этиш, иқтисодий- математик усуллар ва моделлар, эконометрика, қишлоқ хўжалиги тараққиётини эконометрик моделлар асосида башоратлаш каби долзарб муаммоларга бағишланган илмий ишлари нуфузли халқаро ва республика нашриётларида чоп этилган.
Профессор Т. Шодиев халқаро тоифадаги профессор тарзида АҚШ даги Фулъбрайт профессорлар Ассоциациясининг аъзоси ва у ташкилот томонидан дунё бўйича Интернет орқали уюштирилган форумларда, илмий мулоқотларда мунтазам иштирок этиб келмоқда.
Жумладан, Лос-Анжелесдаги Калифорния университети Тармоқлараро Маршак семинарларида 2003-2004 ўқув йилида маъруза ва Интернет орқали семинар мулоқотларда ҳамда 2009 йили БМТ ЮНЕСКОнинг таклифига биноан Парижда бўлиб ўтган дунёда Олий таълимни ривожлантириш муаммоларига бағишланган иккинчи Бутун Жаҳон конференциясида Ўзбекистон вакили тариқасида иштирок этган.
Профессор Т. Шодиев ТАСИС дастури доирасида Бельгиянинг Лувен университети ва Франциянинг Реннис бизнес мактаби икки йилик магистратурасининг МВА (бизнесни бошқариш) ихтисослиги бўйича магистр унвонига эга.
Ҳозирги вақтда профессор Т. Шодиев Тошкент Халқаро Вестминстер университетининг профессори, ЮНЕСКО нинг “Билимлар иқтисодиёти” кафедраси мудири лавозимида ишлаб, университетда инглиз тилида “Микроиқтисодиёт”, “Макроиқтисодиёт”, “Бошқарув иқтисодиёти”, “Эконометрика” ҳамда “Ривожланиш иқтисодиёти” фанларидан дарс бериб келмоқда.
Шу билан бирга профессор Т. Шодиев яратган дарслик ва ўқув қўлланмалар билан Ўзбекистонда миллий иқтисодчи кадрлар тайёрлаш, “Таълим тўғрисида”ги Қонун ҳамда “Кадрлар тайёрлаш миллий дастури”ни амалиётга жорий этишда улкан ҳисса қўшиб келмоқда.