Профессор Суръат Акрамович Салихов “Ўзбекистон Республикасидаги истиқболли ўсимлик турлари ва навлари ҳамда қайта ишлаш саноат чиқинди хомашё ресурсларини озиқ-овқат ва фармацевтика саноатида фойдаланиш, чиқитсиз технологиялар яратиш, меъёрий-техник ҳужжатлар тузиш” йўналишидаги илмий мактаб яратган етакчи олим ҳисобланади. Ушбу йирик мактабда профессор С. А. Салихов бир нечта фан номзодига илмий раҳбарлик қилиб, илмий педагогик кадрлар тайёрлашга ўз ҳиссасини қўшмоқда.
Профессор С. А.Салихов ҳозирги кунда 80 дан ортиқ умумий ҳажми 115 б. т. дан иборат бўлган илмий ишлар эълон қилиб, шундан 9 таси дарслик ва ўқув қўлланма, 1 таси илмий монография ҳамда рисолалар бўлиб, улар асосан товаршунослик, озиқ-овқат ва ноозиқ-овқат товарлари товаршунослиги, халқаро стандартлаштириш, ташқи иқтисодий фаолиятда стандартлаштириш ва сертификатлаштириш, патентшунослик, лицензиялаш, маҳсулот ва хизматлар сифатини оширишда меъёрий-техник ҳужжатлар яратиш, озиқ-овқат саноати учун қизил бўёқ сақловчи ўсимликларни излаш, истиқболлиларини интродукциясини ташкил этиш, бўёқ олиш технологияси, чиқитсиз қайта ишлаш асосида юқори самарали, импорт ўрнини босувчи ҳамда экспортбоп, экологик маҳсулотлар ишлаб чиқариш, озиқ-овқат ва фармацевтика саноатига оид долзарб муаммоларга бағишланган илмий ишлари нуфузли халқаро ва республика нашриётларида чоп этилган.
Шу билан бирга профессор С. А. Салихов яратган дарслик ва ўқув қўлланмалари билан Ўзбекистонда миллий иқтисодчи кадрлар тайёрлаш, “Таълим тўғрисида”ги Қонун ҳамда “Кадрлар тайёрлаш миллий дастури”ни амалиётга жорий этишга улкан ҳисса қўшиб келмоқда.
Шунингдек, профессор С. А. Салихов 15 та ихтиро ва патентларнинг муаллифи ҳамда Ўзбекистон Республикаси Абу Райҳон Беруний номли Давлат мукофоти соҳиби.