Билимга чанқоқ, интеллектуал ёш авлодни тарбиялаш уларни илмий тадқиқот ишларига йўналтириш мақсадида “Иқтисодиёт” факультетида ҳам кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, 2012 йилнинг 3 май куни Тошкент давлат юридик институтида Тошкент давлат иқтисодиёт университети билан ҳамкорликда “Бозор иқтисодиёти шароитида давлатнинг роли” мавзусида иқтидорли талабалар илмий баҳс – мунозараси ташкил этилди.
Иқтидорли талабалар баҳс-мунозарасида Тошкент давлат иқтисодиёт университети ректори проф. Н.Х. Жумаев, ўқув ишлари проректори проф. А.Ш. Бекмуродов, “Иқтисодиёт” факультети декани доц. Б.Д.Хажиев, декан муовинлари, факультет профессор-ўқитувчилари ҳамда Тошкент давлат юридик институти ректори проф. М.Х. Рустамбаев, институт проректорлари ва деканлари, профессор-ўқитувчилари ҳамда олий таълим муассасаларининг иқтидорли талабалари иштирок этдилар.
Иқтидорли талабалар илмий баҳс-мунозарасини Тошкент давлат юридик институти ректори М.Х.Рустамбаев кириш сўзи билан очиб, баҳс-мунозара ишига омад тилади. Шундан кейин табрик сўзи Тошкент давлат иқтисодиёт университети ректори проф. Н.Х.Жумаевга берилди. Проф. Н.Х.Жумаев ўз сўзида бугунги кунда давлатимиз томонидан ёшларимизга қаратилаётган катта эътибор, уларнинг билим олишлари учун яратилаётган шарт-шароитлар ҳақида тўхталди.
Илмий баҳс – мунозарада олий таълим муассаса талабалари томонидан тайёрланган видеолавҳалар намойиш этилди. Шундан сўнг иқтидорли талабалар ўртасида баҳс-мунозара бошланиб кетди. Талабалар асосан бозор иқтисодиёти шароитида давлатни ривожлантиришнинг ҳуқуқий ва иқтисодий жиҳатларини таҳлил этишди. Иқтисодиётга давлат аралашувининг иқтисодий ёндашувлари асосида ўзларининг фикр-мулоҳазаларини билдиришди. Иқтисодиётни ривожлантиришда “Ўзбек модели”нинг ўзига хос хусусиятлари ўрганилди.
Талабаларнинг мустақил фикрлай олиш даражаси илмий асосланган фикр-мулоҳазаларини намоён эта олиши, мавзу доирасида илмий асосланган тавсиялар бера олиши баҳс-мунозарада қатнашаётган талабаларнинг ютук мутахассис сифатида шаклланишига замин яратди.
Олий таълим муассасалари ўртасида ташкил этилган иқтидорли талабаларнинг илмий баҳс-мунозарасига қатнашган талабалар профессор-ўқитувчиларда ижобий таассурот қолдирди.