2012 йил 1 май куни Тошкент давлат иқтисодиёт университетининг “Иқтисодий тарих”, “Иқтисодиёт назарияси”, “Фалсафа”, “Иқтисодий ҳуқуқ” кафедралари ҳамкорлигида “Фуқаролик жамиятини ривожлантиришнинг иқтисодий омиллари” мавзусидаги илмий-амалий анжуман ўтказилди.
Анжуманни университет ректори проф. Н.Х. Жумаев кириш сўзи билан очиб, анжуман мақсади жаҳоннинг тарихий ва замонавий тажрибасидан келиб чиққан ҳолда Ўзбекистонда фуқаролик жамиятини ривожлантиришнинг ижтимоий, сиёсий ва иқтисодий омиллари, фуқаролик институтларини мустаҳкамлаш йўллари бўйича фикр алмашиш ҳамда илмий таклиф ва амалий тавсияларни ишлаб чиқишдан иборатлигини таъкидлади.
Анжуманнинг ялпи мажлисида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг ўринбосари, Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши раиси, ф.ф.д., проф. И. Саифназаров, Ўзбекистон Республикаси Олий мажлиси Қонунчилик Палатаси Демократик институтлар, нодавлат ташкилотлар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари қўмитаси раиси, ю.ф.д., проф. А.Х. Саидов, Ўзбекистон Республикаси Олий мажлиси ҳузуридаги нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш Жамоат фонди директори, А.Т. Тўраев, фалсафа фанлари доктори, проф. Қ. Назаровлар ҳамда университет профессор-ўқитувчилари ўз маърузалари билан иштирок этдилар.
Анжуманда эркин демократик фуқаролик жамиятини барпо этиш, инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини кафолатлаш, барқарор жамият барпо этишнинг ҳуқуқий, ғоявий, фалсафий асосларини мустаҳкамлаш борасида мамлакатимизда эришилган ютуқларни ҳамда мазкур жараёнларда иқтисодий омилларнинг аҳамияти ва роли муаммоларини таҳлил этиш, ижтимоий институтлар фаоллигини ошириш йўлларини муҳокама қилиш, такомиллашув муаммолари ечимига доир таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқиш ҳамда фуқаролик жамиятини барқарор ривожлантириш стратегияси хусусида фикр мулоҳазалар билдирилди.