2012 йил 13 апрелда Тошкент давлат иқтисодиёт университетининг “Халқаро туризм” факультети иқтидорли талабалари учун “Ўзбекистонда миллий туризмни ривожлантиришнинг стратегик йўналишлари” мавзусида илмий семинар ўтказилди.
Илмий семинарда университет Илмий ва илмий-педагогик кадрлар тайёрлаш бўлими бошлиғи Г.И. Малашина, “Халқаро туризм” факультети декани, доц. А.А. Эштаев, “Сервис” кафедраси мудири, доц. О.Х. Хамидов, кафедра профессор-ўқитувчилари ҳамда университет иқтидорли талабалари иштирок этдилар.
Семинарни “Халқаро туризм” факультети декани, доц. А.А. Эштаев кириш сўзи билан очиб, семинар қатнашчиларини қутлади ва мамлакатимизда туристик индустриянинг шаклланиши ва ривожланиши бу, аввало, соҳада кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг ривожланиши билан боғлиқлиги, шунинг учун ҳам бу соҳада ички ва ташқи туризмни ривожлантириш, ҳудудда тарихий-археологик боғлар барпо этиш, янги туристик йўналишларни ишлаб чиқиш, хусусан, қишлоқ жойларида туризм ва туристик хизматларни ривожлантириш, шунингдек, республиканинг автомагистрал йўлларида, туристик объектлар атрофида сайёҳларга замонавий сервис хизмати кўрсатиш мажмуаларини барпо этиш заруратини таъкидлаб ўтди. Иқтидорли талабалардан Навоий номли давлат стипендияси ғолиби К. Хурсандов мавзу юзасидан тақдимотида мамлакатнинг меҳмонхона ва транспорт инфратузилмасини яхшилаш ҳамда тармоқнинг изчил ривожланиши учун соҳага оид меъёрий-ҳуқуқий асосни шакллантириш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилгани тўғрисида маърузаси тингланди.
Семинар мавзуси қизиқарли ва долзарблиги билан иштирокчиларда улкан таассурот қолдирди.