2012 йил 30 мартда Тошкент давлат иқтисодиёт университети “Туризм” кафедраси ҳамда “Ўзбектуризм” МК қошидаги республика илмий-ўқув консалтинг маркази билан ҳамкорликда “Туризм соҳаси учун кадрларни тайёрлаш ва уларни иш билан таъминлаш масалалари” мавзусида халқаро анжуман ўтказилди.
Анжуманни университет ректори, проф. Н.Х.Жумаев кириш сўзи билан очиб, анжуман қатнашчиларини қутлади.
Анжуманнинг ялпи мажлисида “Ўзбектуризм” МК раиси в.в.б.нинг ўринбосари, А.Х.Шамсиев, Малайзиянинг Ўзбекистон Республикасидаги элчиси Абдул Азиз бин Ҳарун, Г.В. Плеханов номидаги Россия иқтисодиёт университетининг Тошкент шаҳридаги филиали ректори, и.ф.д., проф. Қ.Х. Абдурахманов, Миср Араб Республикаси элчисининг консули Ахмед Хамед, Индонезиянинг Ўзбекистон Республикасидаги элчисининг биринчи секретари Приэджи Сулайман, Озорбайжон Республикасининг Ўзбекистон Республикасидаги элчисининг иккинчи секретари Сабухи Ахмедов, “Ўзбектуризм” МК қошидаги республика илмий-ўқув консалтинг маркази директори Е.В. Голышева, “JICA”нинг халқаро эксперти Саито Ҳироюки “DVV International” ваколатхонаси бошлиғининг ўринбосари Т.Л. Заиченко, “Great Silk Road” туристик компаниясининг директори Симон Гайонг, Халқаро Вестминстер университетининг таълим сифатини ошириш бўлими бошлиғи A.A. Семёнов, М.В. Ломоносов номидаги МДУнинг Тошкент шаҳридаги филиали профессори Р.И. Суннатова, “Ўзбектуризм” МКнинг ходимлар билан ишлаш бўлими бошлиғи К.И. Эгамбердиевалар ўз маърузалари билан иштирок этдилар.
Анжуман ялпи мажлисидаги қатнашчилар Туризм жаҳон иқтисодиётида етакчи тармоқлардан бири эканлиги, Жаҳон ялпи ички маҳсулотининг (ЯИМ) асосий қисмини ташкил этган ҳолда, мамлакатлар иқтисодиётига хорижий валюта тушумини, тўлов балансини таъминловчи, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантиришнинг асоси бўлиб хизмат қилиши ҳамда Туризм, иқтисодиётнинг муҳим тармоғи бўлиб, энг тез ривожланаётган соҳалардан бири ҳисобланиши, шу билан бирга туризм аҳолининг бандлигига муҳим таъсир кўрсатиб келаётганлигини таъкидлаб ўтдилар. Шунингдек, Ўзбекистон ва хорижий давлатларда туризм соҳаси учун кадрлар тайёрлашда эришилган ютуқлар, кадрларни ўқитиш тизимида малака алмашиш ва шу билан бирга туризм тармоғида босқичма-босқич давлат ташкилотларини қисқартириш ва кичик бизнес, тадбиркорликнинг ролини ошириш тўғрисида ҳам тўхталиб ўтдилар.