2012 йил 6 апрель куни Тошкент давлат иқтисодиёт университети “Иқтисодиёт” факультети томонидан ташкил этилган “Мустаҳкам оила йили давлат дастурининг устувор йўналишлари ва оилани қўллаб-қувватлашда банкларнинг роли” мавзусида иқтидорли талабаларнинг илмий семинари бўлиб ўтди.
Илмий семинарда университетнинг илмий ишлар бўйича проректори, проф. Б.А. Бегалов, “Иқтисодиёт” факультети декани Б. Хожиев, “Макроиқтисодиёт” кафедраси мудири проф. Н. Махмудов, “Меҳнат ва ижтимоий соҳа иқтисодиёти” кафедраси мудири доц. Н. Шоюсупова, “Саноат иқтисодиёти” кафедраси мудири проф. Б. Салимов ҳамда факультетнинг иқтидорли талабалари иштирок этдилар.
Семинарни “Иқтисодиёт” факультети декани Б. Хожиев кириш сўзи билан очиб, семинар иштирокчиларини қутлади, шунингдек, жамиятимизнинг асоси бўлмиш оилаларни, айниқса, ёш оилаларнинг ҳуқуқий ва ижтимоий-иқтисодий манфаатларини ҳимоя қилиш ҳамда қўллаб-қувватлашни кучайтириш борасида бажарилаётган ишларга алоҳида тўхталиб ўтди.
Семинар иштирокчилари Мустаҳкам оила йили давлат дастурида белгиланган вазифалар юзасидан олиб борилаётган барча ишларни сифат жиҳатидан яхшилаш, ҳар томонлама ривожланган баркамол авлодни тарбиялашда оиланинг роли муҳим эканлиги, “Оила соғлом экан - жамият мустаҳкам, жамият мустаҳкам экан - мамлакат барқарор”, “Соғлом она - соғлом фарзанд” деган тамойиллардан келиб чиққан ҳолда, инсонпарварлик, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида маъруза қилдилар.
Семинар баҳс-мунозарага бой тарзда ўтганлиги танланган мавзунинг бугунги кунда нечоғлик долзарблигидан далолат беради.