Билимга чанқоқ, интеллектуал ривожланган авлодни тарбиялаш уларни илмий-тадқиқот ишларига йўналтириш мақсадида “Иқтисодиёт” факультетида ҳам кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. Хусусан 2012 йилнинг 3 март куни белгиланган режа асосида “Мустақиллик йилларида миллий иқтисодиётни тубдан ислоҳ этишнинг сифат кўрсатгичлари” мавзусида иқтидорли талабалар илмий баҳс – мунозараси бўлиб ўтди.
Иқтидорли талабалар баҳс-мунозарасида университет илмий ишлар бўйича проректор проф. Б.А. Бегалов, “Саноат иқтисодиёти” кафедраси мудири проф. Б.Т. Салимов, “Макроиқтисодиёт” кафедраси мудири проф. Н.М. Махмудов, “Иқтисодиёт назарияси” кафедраси мудири доц. У.В. Ғофуров, “Меҳнат ва ижтимоий соҳа иқтисодиёти” кафедраси мудири доц. Н.Т. Шоюсупова, декан муовинлари С.А. Сатторов, Л.Ф. Амиров ҳамда кафедра профессор-ўқитувчилари ва факультетнинг иқтидорли талабалари қатнашдилар. Илмий баҳс – мунозарани университет илмий ишлар бўйича проректори проф. Б.А. Бегалов кириш сўзи билан очиб қатнашчиларини қутлади.
Проф. Б. Бегалов ўз сўзида, мамлакатимизда ҳамда университетимизда ёшларга қаратилаётган эътибор ҳақида, хусусан факультетда билимли, иқтидорли талабаларни фан олимпиадалари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг давлат стипендиялари ва Номли давлат стипендияларга тайёрлашни янада яхшилаш ҳақида гапириб ўтди. “Иқтисодиёт назарияси” кафедраси мудири доц. У. Ғофуров 2012 йилнинг 16-17 февраль кунлари бўлиб ўтган “Юксак билимли ва интеллектуал ривожланган авлодни тарбиялаш - мамлакатни барқарор тараққий эттириш ва модернизация қилишнинг энг муҳим шарти” мавзусидаги халқаро конференциянинг аҳамияти ва натижалари тўғрисида илмий баҳс-мунозара қатнашчиларига ахборот берди. Шундан кейин белгиланган дастур асосида 3-курс ЭКМ-52 гурух талабаси А.Усмонов ўзининг тақдимотини баҳс-мунозара қатнашчилари эътиборига ҳавола этди. Тақдимот тугагандан сўнг талабалар ўртасида ўзаро баҳс-мунозара бошланиб кетди. Факультет профессор-ўқитувчилари ҳамда иқтидорли талабалар баҳс-мунозарага фаол эштирок этишди.
Факультет миқёсида ташкил этилган иқтидорли талабаларнинг илмий баҳс-мунозарасига қатнашган талабалар профессор-ўқитувчиларда ижобий таассурот қолдирди.