Мамлакатимиз Президенти Ислом Каримов томонидан ишлаб чиқилган иқтисодий ислоҳотларни чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини шакллантириш концепциясида белгилаб берилган мақсадларга эришиш учун, республикамиздаги иқтисодий тараққиёт, амалдаги инвестицион фаолият соҳасидаги ҳуқуқий базани такомиллаштириш, жаҳон тажрибасидан келиб чиққан ҳолда инвестицион институтларнинг молия бозорларидаги ўрнини ошириш ва мустаҳкамлаш, 2010-2016 йилларда республикамизда ишлаб чиқариш ҳажмини кенгайтириш ва рақобатбардош маҳсулотларнинг янги турларини ўзлаштириш бўйича қабул қилинган дастурига мувофиқ инвестицион лойиҳаларни молиялаштириш, шунингдек, банк ва нобанк молиявий ташкилотлари томонидан инвестицион фаолликни янада оширишни талаб этади.
Шуни инобатга олган ҳолда 2012 йил 25 - апрелда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Фан ва технологияларини ривожлантиришни мувофиқлаштириш қўмитаси, Фанлар академияси иқтисодиёт институти ва Тошкент давлат иқтисодиёт университети ҳамкорлигида “Миллий иқтисодиётни инновациялар асосида ривожлантиришнинг институционал муаммолари” мавзусидаги халқаро илмий-амалий анжумани ташкил этилди.
Анжуманда Россия, Украина, Қозоғистон каби хорижий давлатларнинг етук иқтисодчи олимлари, мутахассислари ҳамда мамлакатимизнинг етакчи таълим муассасаларидаги иқтисодчи олимлар ва илмий изланувчилари иштирок этдилар.
Анжуманда мамлакатимизнинг инвестицион салоҳиятини ўрганиш орқали, иқтисодиётни жадал ривожлантириш ва модернизациялашга қаратилган давлат устувор йўналишларини аниқлаш, уларни амалга оширишга қаратилган давлат дастурларни молиялаштириш имкониятлари, инвестицион фаоллик ва унинг мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотларнинг ижобий натижалари билан узвий боғлиқлигини кенг жамоатчилик эътиборига етказишликка асосий эътибор қаратилди.
Анжуман иштирокчилари баҳс-мунозара шаклида республикамизнинг иқтисодиёт тизимини барқарорлигини мустаҳкамлашнинг долзарб масалаларини муҳокама қилдилар ҳамда мамлакатимиз иқтисодиётининг келажакда барқарор ўсишини таъминлашда инвестицияларнинг аҳамиятини ошириш бўйича амалий таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқдилар.