2012 йил 16 март куни Тошкент давлат иқтисодиёт университети “Бухгалтерия ҳисоби ва аудит” факультети ҳамда “Бухгалтерия ҳисоби” кафедраси томонидан ташкил этилган “Меҳнат ва унга ҳақ тўлаш ҳисобида вужудга келадиган муаммолар ва уларни бартараф этиш йўналишлари” мавзусида иқтидорли талабаларнинг илмий семинари бўлиб ўтди.
Илмий семинарда университетнинг илмий ишлар бўйича проректори, профессор Б.А. Бегалов, “Бухгалтерия ҳисоби ва аудит” факультети декан муовини X. Ҳасанов, “Бухгалтерия ҳисоби” кафедраси мудири проф, Р. Холбеков ва кафедра профессор-ўқитувчилари ҳамда факультетнинг иқтидорли талабалари иштирок этди.
Семинарни кафедра мудири проф. Р. Холбеков ўзининг қисқача кириш сўзи билан очиб, семинар қатнашчиларини қутлади ва сўзни илмий ишлар бўйича проректор и.ф.д., проф. Б.А. Бегаловга берди. Проф. Б.А. Бегалов ўз сўзида семинарда танланган мавзу ҳар доим ҳам долзарб мавзу бўлиб келганлигини таъкидлаб, ушбу тадбирни ташкил этган “Бухгалтерия ҳисоби” кафедраси аъзоларига ўзининг миннатдорчилигини билдирди ва иш ҳақини ҳисоблашда вужудга келадиган муаммолар ва уларни бартараф этиш борасида ҳозирги кунда иқтисодчи олимлар томонидан турли жабҳаларда изланишлар олиб борилаётганлигини эътироф этди. Шундан сўнг у семинарда маърузага чиқувчи иқтидорли талабаларга сўз берди. Маърузачи талабалар: ИИТ-11 гуруҳи 3 курс талабаси Ш. Маликов “Совершенствование аналитического учета по оплате труда в системе банках” мавзусида (илмий раҳбари доц.Б.Хошимов), 4 курс БР-76 гуруҳи талабаси Т. Жураев “Иш ҳақидан мажбурий ушланмалар ҳисоби” мавзусида (илмий раҳбари кат.ўқ. А. Туркманов), 3 курс ИИТ-51 гуруҳи талабалари Л. Эргашева, С. Тошкенбоевалар “Иш ҳақини ҳисоблашда қўлланиладиган бирламчи ҳужжатларни расмийлаштириш қоидалари” мавзусида (илмий раҳбари кат.ўқ. Б. Умирқулов) ҳамда 3 курс ИКП-52 гуруҳи талабаси А. Носировларнинг “Ягона ижтимоий тўлов бўйича ҳисоб-китобларни ҳисоботларда акс эттириш масалалари” мавзусидаги (илмий раҳбари кат.ўқ.Э. Шодиев) маърузалари тингланди.
Семинарда маърузачи талабаларнинг барчаси юқори савияда тайёргарлик кўришганлигини - уларнинг маърузалари ва профессор - ўқитувчилар ҳамда талабалар томонидан тушган барча саволларга атрофлича жавоб берганликлари билан изоҳлаш мумкин.
Умуман семинар тадбири қизғин баҳсларга бой бўлди ва келгусида бундай тадбирларни яна ташкил этиш борасидаги фикрларни кафедра мудири проф. Р. Холбеков семинар қатнашчиларига маълум қилди.