2012 йил 16 март куни университет 1 биноси 134-хонасида “Магистратура” бўлимида фаолият юритаётган “Ёш олимлар кенгаши” томонидан ташкил этилган навбатдаги баҳс-мунозара йиғилиши бўлиб ўтди. Йиғилишда университет Илмий ишлар проректори проф. Б.А. Бегалов, “Магистратура” бўлими бошлиғи доц. Р. Хакимов, университет “Ёш олимлар кенгаши” раиси проф. Д. Қосимова, “Ахборот технологиялар маркази” директори доц. А. Қобулов ҳамда кенгаш аъзолари иштирок этдилар.
Баҳс-мунозара йиғилишини Илмий ишлар проректори проф. Б.А. Бегалов кириш сўзи билан очиб, йиғилиш кун тартибини эълон қилди. У ўз сўзида бугунги кунда университетимиз талабалари орасидан истеъдодлиларини аниқлаб, уларнинг илмий салоҳиятини ошириш ҳамда илм-фан соҳасидаги қизиқишларини рағбатлантириш мақсадида турли тадбирлар, илмий-амалий анжуманлар, кўрик-танловлар ўтказиб келинаётганлигини таъкидлаб ўтди.
Баҳс-мунозара йиғилишида “Магистратура” бўлими,“Иқтисодиёт” мутахассислиги,1-босқич,1-курс MESF-01 гуруҳи талабаси Зарнигор Бобожонованинг “Ишлаб чиқариш корхоналарида конструктор, ишчи-ходимлар учун махсус соҳага ихтисослашган сенсорли ГИД-тренажёр қурилма ва унинг имкониятлари” мавзусидаги тақдимоти бўлиб ўтди. Тақдимотчи мазкур қурилманинг яратилиши, унинг имкониятлари, янгиликлари ҳамда ютуқлари ҳақида маълумот берди. Таклиф қилинаётган ГИД-тренажёр қурилма – тўла автоматлаштирилган кимё саноати, нефть ва газ, тоғ-кон геологияси, автомобилсозлик, самолётсозлик каби йирик корхоналарда конструктор, ишчи-ходимлар билим савияси, фаолияти ва тажрибасини шакллантиришда кўмаклашувчи қолаверса, ишлаб чиқаришни назорат қилишда фойдаланиш мумкин бўлган, қўлда олиб юришга мўлжалланган махсус интерактив қурилма ҳисобланади.
Маърузачи таклиф этилаётган мазкур қурилманинг янгиликларини унинг қуйдаги хусусиятлари билан асослаб берди: Гид-тренажёр қурилма - электрон маълумотлар базасига эгалиги; маълумотларни инглиз, рус, ўзбек тилларда ифодалай олиши; автоматлаштирилган тренинг тизимлари билан таъминланганлиги; масофадан сигнал қабул қилиш имконияти; қуёш батареялари билан таъминланганлиги; маълумотлар қидирув тизими мавжудлиги; ўлчов асбобларини тестлаш имконияти; шартли белгиланишлар ҳақида маълумот олиш имкони; хотираси miniSDда жойлашганлиги; огоҳлантириш сигналлари мавжудлиги билан аҳамиятлидир.
Тақдимотдан сўнг тадбирнинг баҳс-мунозара қисмибўлиб, йиғилиш иштирокчилари ўзларини қизиқтиган саволлар билан мурожаат қилдилар. Баҳс-мунозара йиғилишига эксперт сифатида таклиф этилган доц. А. Қобулов ушбу қурилма ҳақида ўз фикр ва мулоҳазаларини билдириб ўтди.
Бўлиб ўтган баҳс-мунозара йиғилиши талабаларда катта қизиқиш уйғотиши билан бирга, уларнинг илмий-тадқиқот ишлари билан янада кенгроқ шуғулланишлари учун рағбат бўлди.