Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Фан ва технологияларни ривожлантиришни мувофиқлаштириш қўмитаси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 29 февралдаги 141-ф-сонли қарори билан тасдиқланган режага мувофиқ 2012 йил 16 апрелда Тошкент давлат юридик институтида Тошкент давлат иқтисодиёт университети билан ҳамкорликда “Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш масалалари” мавзусида республика илмий-амалий анжумани ташкил этилди.
Анжуман ялпи мажлисини ТДЮИ ректори ю.ф.д. проф. М.Х. Рустамбоев кириш сўзи билан очиб, мамлакатимизда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш давлат сиёсати даражасида эканлиги ҳамда иқтисодиётни либераллаштириш ва демократик ислоҳотларни чуқурлаштиришда тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатларини кучайтиришни таъкидлаб ўтди ва сўзни ТДИУ ректори и.ф.д. проф. Н.Х.Жумаевга берди. Проф. Н.Х. Жумаев тараққий этган йирик давлатларда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларининг ялпи ички маҳсулотдаги улуши салмоқли даражадалиги ҳамда мамлакатимиз тараққиётида ҳам кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларининг ўрни юқори даражада эканлигига алоҳида тўхталди.
Анжуманнинг ялпи мажлисида ТДЮИ “Хўжалик ҳуқуқи ва хўжалик процессуал ҳуқуқи” кафедраси профессори, ю.ф.д. О. Оқюлов, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги амалдаги қонун ҳужжатлари мониторинги институти гуруҳ раҳбари, ю.ф.д., проф. Ш.Н.Рўзиназаров, Олий хўжалик суди масъул ходими, юридик фанлари номзоди А.У. Давронбеков ва ТДИУ “Иқтисодий ҳуқуқ” кафедрасининг катта ўқитувчиси, юридик фанлари номзоди С.А. Ишанходжаев сўзга чиқдилар. Улар ўз маърузаларида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари (КБХТ)ни аниқлаш мезонларини такомиллаштириш, КБХТка доир қонунчиликни янада такомиллаштириш, “тадбиркорлик таваккалчилиги” тушунчасини ҳуқуқий жиҳатдан аниқлаштириш ҳамда КБХТ субъектларини кредитлашнинг ҳуқуқий масалалари каби мавзуларни атрофлича ёритиб бердилар. Шунингдек илмий анжуман доирасида бу борадаги халқаро тажрибалар муҳокама қилинди.