2012 йил 27 апрелда Тошкент давлат иқтисодиёт университети “Статистика” кафедрасининг “Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни статистик таҳлил қилиш орқали иқтисодий кўрсаткичларни таққослаш” мавзусида илмий-услубий семинари бўлиб ўтди.
Семинарда ТДИУ Илмий ва ИПК тайёрлаш бўлими бошлиғи Г.Малашина, “Ахборот технологиялари ва статистика” факультети декани О. Рихсимбаев, декан муовини О.Умаров, “Статистика” кафедраси мудири А. Аюбжонов, илмий раҳбар сифатида катта ўқитувчи Г. Яминова ва факультет иқтидорли талабалари иштирок этдилар.
Илмий-услубий семинарни “Ахборот технологиялари ва статистика” факультети декани О. Рихсимбаев кириш сўзи билан очиб, иштирокчиларни қутлади.
Семинар мавзусида “Статистика” таълим йўналиши 2-курс, СТ-84-гуруҳ талабаси С. Бердиев маъруза қилди. Семинар мавзусининг долзарблиги мамлакат иқтисодиётини модернизациялаш шароитида ҳозирги кунда Ўзбекистонда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантиришга алоҳида эътибор берилаётганлиги ҳамда ҳозирги кунда жаҳон мамлакатларида кичик бизнесни ривожлантиришдан иқтисодий сиёсатнинг ўзига хос дастаги сифатида фойдаланилиши таъкидланди.
Мамлакатимиз вилоятларида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик соҳасидан аҳолига кўрсатилган пуллик хизматларнинг қиймати, шу билан бирга аҳоли жон бошига пуллик хизмат кўрсатиш қиймати диаграммаларда кўрсатиб берилди. Семинар мавзуси юзасидан талабалар ўзларини қизиқтирган саволларига жавоб олишди. Семинар баҳс-мунозарага бой тарзда ўтди.