“Ахборот технологиялари ва менежмент” факультетининг 4-курс талабаси Жаҳонгир Шукуров Президент Давлат стипендиясига лойиқ деб топилди

Шукуров Жаҳонгир Саъдулла ўғли 1991 йил 14 октябрда Тошкент шаҳрида зиёлилар оиласида туғилган. У 1997 йилда Тошкент шаҳар Мирзо Улуғбек туманидаги 64-сонли умумтаълим мактабига ўқишга қабул қилиниб, 2008 йилда ушбу ўқув масканининг 11 – синфини аъло баҳоларга тамомлади. 

Жаҳонгир Шукуров 2008 йили Тошкент давлат иқтисодиёт университетига давлат тест имтиҳонларини муваффақиятли топшириб, “Ахборот технологиялари ва менежмент” факультетининг “Информатика ва ахборот технологиялари” таълим йўналиши 1-курс талабалари сафига қабул қилинди. У университетда ўқиш мобайнида, илмга бўлган чанқоқлигини намоён этди. 

Жаҳонгир Шукуров Тошкент давлат иқтисодиёт университетида, Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетида ва Тошкент молия институтида ўтказилган қатор илмий-амалий конференцияларда соҳага оид мақолалари билан фаол иштирок этди ва уларнинг  Фахрий Ёрлиқлари билан тақдирланди, шунингдек, “Информатика ва ахборот технологиялари” курси бўйича лаборатория ишларини ўтказиш масалаларига бағишланган услубий қўлланмани ишлаб чиқишда ҳаммуаллиф сифатида қатнашди, “Республика истеъмол товарлари бозорида (В2С) электрон тижоратни ривожлантириш йўллари” ҳамда “Компьютер тизимлари ва тармоқлари” (рус тилида) ўқув қўлланмаларини ёзишда ҳам фаол иштирок этди.

Ж.Шукуров ахборот-коммуникация технологияларининг жамиятимиз иқтисодий тараққиётидаги ўрни ва ролига бағишланган оммабоп мақолалари билан ҳам республиканинг нуфузли газета ва журналларида, жумладан, “Ҳуррият”, “Миллий тикланиш”, “Маҳалла”, “Ишонч”, “Туркистон”, “Тошкент ҳақиқати”, “Ёш куч” ва “Фермер” унинг бир қатор мақолалари чоп этилган. Университет миқёсида 2011 йил 14 мартда ўтказилган талабаларнинг “Энг яхши илмий иш” кўрик танловида иштирок этиб, совринли ўринлардан бирини эгаллашга муваффақ бўлди, 2011 йил 13 майда “Ўзсаноатқурилишбанк” ОАТБ томонидан талабалар ўртасида ўтказилган “Энг яхши инновацион бизнес ғоя” танловида учинчи ўринни эгаллаб, 300 000 минг сўм соҳиби бўлди, 2011 йил 26 июнда “Алоқабанк” ОАТ томонидан ўтказилган “Талабаларнинг энг яхши инновацион лойиҳаси” танловида 10 миллион сўмлик гранд соҳиби бўлди.

2011–2012 ўқув йили учун Ўзбекистон Республикаси Президенти Давлат стипендиясига танлов ўтказиш бўйича махсус комиссиянинг қарорига мувофиқ “Ахборот технологиялари ва статистика” факультетининг 4 – курс талабаси Жаҳонгир Шукуров Президент Давлат стипендиясига лойиқ деб топилди. 

 
Jahongir Shukurov