2012 йил 25 апрель куни Тошкент давлат иқтисодиёт университетининг “Макроиқтисодиёт”, “Иқтисодиёт назарияси”, “Саноат иқтисодиёти” кафедралари ҳамкорлигида “Ўзбекистон Республикаси миллий иқтисодиётининг рақобатбардошлигини ошириш йўллари” мавзусида илмий-амалий анжуман ўтказилди.
Анжуманни университет ректори профессор Н.Х.Жумаев кириш сўзи билан очиб, анжуман мақсади миллий иқтисодиёт рақобатдошлигини таъминлашнинг мамлакат экспорт салоҳиятига таъсири, қишлоқ хўжалигини ривожлантириш ва модернизациялаш, иқтисодиётни модернизациялаш шароитида саноат рақобатдошлигини таъминлаш каби муаммоларни муҳокама қилиш ва шунингдек уларнинг ечимини топишдан иборатлигини таъкидлаб ўтди ҳамда анжуман қатнашчиларини қутлади.
Анжуманнинг ялпи мажлисида Ўзбекистон Республикаси Банк-молия академияси ректори, иқтисод фанлари доктори, профессор А.В.Вахабов, Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги бўлим бошлиғи, иқтисод фанлари номзоди Ё.Ш.Файзуллаев, Ўзбекистон Бозор ислоҳотлари илмий-тадқиқот институти директори, иқтисод фанлари доктори, профессор Н.С. Хушматов, Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги, Иқтисодиётни мождернизациялаш бош бошқармаси бошлиғи, иқтисод фанлари номзоди С.И.Саифназаров, ТДИУ “Макроиқтисодиёт” кафедраси профессори, иқтисод фанлари доктори Б.Б.Беркиновлар ўз маърузалари билан иштирок этишди.
Анжуманда рақобатдош иқтисодиётни шакллантиришга қаратилган вазифалар, яъни иқтисодиётни изчил ислоҳ этиш, таркибий жиҳатдан ўзгартириш ва диверсификация қилишни чуқурлаштириш, фаолият кўрсатаётган қувватларни модернизация қилиш ва техник янгилаш жараёнларини тезлаштириш, юқори технологияларга асосланган янги корхона ва ишлаб чиқариш тармоқларининг жадал ривожланишини таъминлаш, иқтисодиётни барқарор ривожлантириш стратегияси хусусида фикр мулоҳазалар билдирилди.