2011 йил 2 декабрь куни Тошкент давлат иқтисодиёт университети ҳамда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг «Адолат» социал-демократик партияси фракцияси ҳамкорлигида “Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси - мамлакатимизда ҳуқуқий демократик давлат ва фуқаролик жамиятини барпо этишнинг асоси” мавзусидаги республика илмий семинари ташкил этилди.
Семинарни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг ўринбосари, “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши раиси, профессор И.С.Саифназаров ва ТДИУ ректори, профессор Н.Х.Жумаев кириш сўзи билан очиб семинар қатнашчиларини қутладилар.
Семинарда мустақил Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг қабул қилиниши, унинг бугунги кундаги давлат ва жамиятнинг ижтимоий-сиёсий ҳаётидаги ўрни ва аҳамияти алоҳида таъкидланди. Семинарнинг ялпи мажлисида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг депутати, “Адолат” СДП фракцияси аъзоси юридик фанлари номзоди, доцент Х.Маматов, ТДИУ “Иқтисодий ҳуқуқ” кафедраси мудири, фалсафа фанлари доктори, профессор Б.А.Алиев, ТДИУ “Фалсафа” кафедраси мудири, фалсафа фанлари номзоди, доцент А.Мухторов, ТДИУ “Иқтисодий ҳуқуқ” кафедраси катта ўқитувчиси А.Н.Раҳмоновлар ўз маърузалари билан иштирок этиб Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлаш ва кафолатлаш, унинг нормаларини ҳар бир инсон ва фуқаро ҳаёти, кундалик турмуши ва меҳнат фаолиятидаги юксак мавқеини атрофлича ёритиб бердилар.
Шунингдек, семинарда ТДИУ иқтидорли талабалари, магистрлар, стажер-тадқиқотчи-изланувчилар ва профессор ўқитувчилар иштирок этишди.