Мамлакатимиз Президенти Ислом Каримов 2011 йилнинг асосий якунлари ва 2012 йилда Ўзбекистонни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг устувор йўналишларига бағишланган Вазирлар Маҳкамасининг мажлисидаги маърузасида таъкидлаб ўтганидек, “Бугунги кунда кўплаб ривожланган ва жаҳон иқтисодиётида етакчи ўрин тутадиган мамлакатлар тажрибаси шуни сўзсиз исботлаб бермоқдаки, рақобатдошликка эришиш ва дунё бозорларига чиқиш, биринчи навбатда, иқтисодиётни изчил ислоҳ этиш, таркибий жиҳатдан ўзгартириш ва диверсификация қилишни чуқурлаштириш, юқори технологияларга асосланган янги корхона ва ишлаб чиқариш тармоқларининг жадал ривожланишини таъминлаш, фаолият кўрсатаётган қувватларни модернизация қилиш ва техник янгилаш жараёнларини тезлаштириш ҳисобидан амалга оширилиши мумкин”.
Юқоридаги устувор вазифалардан келиб чиқиб, 2011 йил 11 апрелда Тошкент давлат иқтисодиёт университетида “Ўзбекистонда макроиқтисодий барқарорликни янада мустаҳкамлаш ва миллий иқтисодиёт рақобатбардошлигини юксалтириш йўллари: ютуқлар, муаммолар ва истиқболлар” мавзусидаги магистратура босқичи талабаларининг илмий-амалий анжумани ташкил этилди.
Анжуманни университет ректори профессор Н.Х.Жумаев кириш сўзи билан очиб анжуман қатнашчиларини қутлади. Анжуманнинг ялпи мажлисида “Иқтисодиёт” мутахассислиги 2-курс, МЭКП-11 гуруҳ талабаси С.Р. Бердиев, “Иқтисодиёт” мутахассислиги 1-курс, МЭКП-21 гуруҳ талабаси А.А. Сулаймонов, “Ташқи иқтисодий фаолият ҳисоби ва таҳлили” мутахассислиги 2-курс, ММЫ-10 гуруҳ талабаси М.Ж. Темирханова, “Халқаро савдо иши” мутахассислиги 2-курс, ММТ-10 гуруҳ талабаси У.Н. Бозоров, “Туризм” мутахассислиги 1-курс, МТХ-02 гуруҳ талабаси Г.Б. Усмонова, “Маркетинг” мутахассислиги 1-курс, ММРТ-21 гуруҳ талабаси Р.У. Абдувалиевалар ўз маърузалари билан иштирок этдилар.
Илмий-амалий анжуман давомида мамлакатимизда амалга оширилаётган иқтисодий ислоҳотлар натижасида эришилган ютуқлар таҳлил этилиши, иқтисодиётни барқарор ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, иқтисодиётда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари фаолиятини янада ривожлантириш, пул-кредит ҳамда солиқ-бюджет муносабатларини такомиллаштириш, иқтисодиёт тармоқларининг барқарорлигини таъминлаш ва унинг рақобатдошлигини ошириш каби масалалар муҳокама этилди.