2012 йил 6 мартда Тошкент давлат иқтисодиёт университети “Ташқи иқтисодий фаолият” кафедраси ва ХОАТБ “InfinBank” Сергели филиали билан ҳамкорликда университет иқтидорли талабалари учун “Банкларда замонавий хизматларни такомиллаштиришнинг маркетинг стратегияси” мавзусида илмий семинар ўтказилди.
Илмий семинарда ХОАТБ “InfinBank” Сергели филиали бошқарувчиси Ф.Жиянов ва барча банк ходимлари, ТДИУ “Ташқи иқтисодий фаолият” кафедра мудири и.ф.н., доц. И.С. Хотамов, кафедра кат.ўқ. Ғ.А. Абдилакимов, кафедра асс. Б.Р. Вафоев ҳамда университет иқтидорли талабалари иштирок этдилар.
Семинарни ХОАТБ “InfinBank” Сергели филиали бошқарувчиси Ф. Жиянов кириш сўзи билан очиб, семинар қатнашчиларини қутлади ва сўзни “Ташқи иқтисодий фаолият” кафедраси мудири И.С. Хотамовга берди. Доц. И.С. Хотамов ўз сўзида мамлакатимиз иқтисодиётини модернизациялаш, таркибий ўзгаришлар ва инқирозга қарши чоралар дастурини амалга оширишда банк тизимини ривожлантириш ҳамда банк тизимининг миллий иқтисодиётда тутган ўрни ва уни самарали фаолият юритиши, шу билан бир қаторда банк маркетингининг хусусиятлари, асосий вазифалари, банклар томонидан мижозларга кўрсатиладиган хизматлар самарадорлигини оширишда маркетинг элементларидан фойдаланишнинг асосий жиҳатлари тўғрисида гапириб ўтди. Кафедра катта ўқитувчиси Ғ.А. Абдилакимов мавзу юзасидан Банкларни ривожлантириш стратегияларида асосий эътиборни замонавий банк маҳсулотлари ва хизматларини ишлаб чиқишга қаратиш лозимлигини таъкидлаб ўтди ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг банк тизимини ислоҳ қилишга оид Қарорларини батафсил тушунтирди. Шунингдек, бўш иш ўринларини ташкил этишда, коллеж битирувчиларининг иш билан бандлигини таъминлаш ва кичик бизнесни ташкил этишда банкларнинг аҳамияти тўғрисида маъруза қилди. Кафедра ассистенти Б.Р. Вафоев банк хизматлари таърифлари ва рақобат тўғрисида, маркетингнинг назарий-амалий жиҳатлари ва банк хизматлари кўрсатиш тизимини дастурлаштириш бўйича ўз мулоҳазаларини билдирди.
Учрашув якунида “InfinBank” Сергели филиали раҳбарияти ва “Ташқи иқтисодий фаолият” кафедраси келгусида бундай учрашувларни кўпроқ ташкил этиш ва ҳамкорликни мустаҳкамлаш тўғрисида келишиб олдилар.