2012 йил 9 март куни Тошкент давлат иқтисодиёт университети “Бизнес” факультетининг иқтидорли талабаларини “Корхоналар фаолиятини ривожлантиришда инновацион менежмент тамойилларидан фойдаланиш самарадорлиги” мавзусида илмий семинари бўлиб ўтди.
Иқтидорли талабаларнинг илмий семинарида университетнинг илмий ишлар бўйича проректори, профессор Б.А.Бегалов, факультет декани доцент Р.Р.Тожиев, декан муовини А.Н.Самадов, “Менежмент” кафедраси мудири, профессор Н.Қ.Йўлдошев ва кафедра профессор-ўқитувчилари ҳамда факультетнинг иқтидорли талабалари иштирок этди.
Иқтидорли талабалар илмий семинарида “Стандартлаштириш ва метрология” агентлиги етакчи мутахассиси С.Хонбобоев “Маҳсулот сифатини оширишда инновацион менежмент тамойилларидан фойдаланиш самарадорлиги” мавзусида маъруза қилди.
У ўз маърузасида бозор муносабатлари шароитида корхоналар фаолиятини ривожлантиришда ва маҳсулот сифатини оширишда инновацион менежмент тамойилларидан фойдаланиш муҳим аҳамиятга эга эканлигини алоҳида таъкидлади.
Илмий семинарда факультетнинг қуйидаги иқтидорли талабалари ўз маърузалари билан иштирок этдилар:
1. 3-курс МНП-51 гуруҳи талабаси М.Нормўминова “Иқтисодиётни модернизациялаш шароитида ишлаб чиқаришда инновацияларни шакллантириш” мавзусида;
2. 1-курс МНП-41 гуруҳи талабаси У.Мирзаев “Инновационная деятельности предприятий малого бизнеса в области высоких технологий” мавзусида;
3. 2-курс МНП-84 гуруҳи талабаси Н.Ёқубова “Замонавий раҳбар маданияти” мавзусида;
4. 1-курс МНП-41 гуруҳи талабаси Б.Джамалиддинов “Инновации в производстве” мавзусида;
5. 3-курс МНП-51 гуруҳ талабаси Р.Усмонов “Университет талабаларини рағбатлантириш масалалари” мавзусида;
6. 2-курс БЗ-83 гуруҳи талабаси Б.Хайдаров “Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни инновацион менежмент тамойиллари асосида бошқариш” мавзусида;
7. 2-курс БЗ-83 гуруҳи талабаси Д.Каримова “Навоий эркин индустриал иқтисодий зонасининг Ўзбекистон Республикаси иқтисодиётини ривожлантиришдаги ўрни” мавзусида маъруза қилди.
Илмий семинар бўйича асосий маърузалар тинглангандан сўнг, факультет декани Р.Тожиев илмий семинар бўйича ўз фикр ва мулоҳазаларини билдирди ва сўзни “Менежмент” кафедраси мудири, профессор Н.Йўлдошевга берди.
Профессор Н.Йўлдошев ўз сўзида илмий семинар иқтидорли талабалар салоҳиятини янада оширишда, уларнинг дунёқарашларини кенгайтириш ва ривожлантириш борасидаги муҳим тадбирлардан бири эканлигини айтди. Шунингдек, Н.Йўлдошев ушбу илмий семинарнинг бугунги кундаги долзарблиги, уларда мутахассислар, тадбиркорлар ва талабалар билан ўзаро мунозарали масалалар кўриб чиқилиши ҳам амалий, ҳам назарий аҳамиятга эга эканлигини таъкидлади.
Мароқли маърузалари учун М.Нормўминова, Б.Джамалиддинов, Р.Усмонов, Б.Хайдаровлар факультетнинг фахрий ёрлиқлари билан тақдирландилар.
Факультет декани Р.Тожиев барча семинар иштирокчиларига ўз миннатдорчилигини билдириб, иқтидорли талабаларнинг илмий семинари ўз ишини якунлаганлигини эълон қилди.