Мамлакатимизда истиқлол йилларида “Таълимга эътибор — келажакка эътибор” тамойили негизида улкан ислоҳотлар амалга оширилди.
Пировардида юртимизда ёш авлодни ҳар томонлама баркамол бўлиб вояга етишлари учун бугун барча имкониятлар, шарт-шароитлар яратилди. Бунда Президентимиз ташаббуси ва раҳнамолигида ҳаётга татбиқ этилган ўзбек таълим модели ҳал қилувчи роль ўйнади, албатта. Зеро, у соҳанинг мустаҳкам ҳуқуқий-ташкилий пойдеворини шакллантириш ва мустаҳкамлашда муҳим дастуриламал вазифасини ўтади. Хусусан, “Таълим тўғрисида”ги Қонун, жаҳон тажрибасида ноёб ҳисобланган Кадрлар тайёрлаш миллий дастури қабул қилиниб, шуларга муштарак тарзда замонавий ҳамда бугунги кун талабларига тўлиқ жавоб берадиган узлуксиз билим бериш механизми йўлга қўйилди.
Ўз навбатида бундай янгиланишлар ва модернизация жараёнлари олий таълим тизимида ҳам ўз ифодасини топди. Ҳозирги кунгача олий таълим муассасалари сони 2 баробарга кўпайиб, улар 59 тага етгани ҳамда мазкур даргоҳларда 230 мингдан зиёд талаба таҳсил олаётгани фикримизнинг ёрқин тасдиғидир.
Айни пайтда диёримиздаги олий таълим муассасаларининг кўркам қиёфаси, мустаҳкам моддий-техник базаси салмоқли самараларга эришишда катта аҳмият касб этмоқда.
Буларнинг барчаси Тошкент шаҳрида жорий йилнинг 16-17 ферваль кунлари “Юксак билимли ва интеллектуал ривожланган авлодни тарбиялаш — мамлакатни барқарор тараққий эттириш ва модернизация қилишнинг энг муҳим шарти” мавзуидаги халқаро конференцияда иштирок этган меҳмонлар — нуфузли мутахассислар, экспертлар ва педагоглар томонидан ҳам эътироф этилди. Шундай қилиб, натижаларимиз жаҳон ҳамжамияти томонидан яна бир бор тан олинди. Ушбу глобал миқёсдаги йирик тадбир иштирокчилари бир қатор таълим масканлари, шу жумладан Тошкент давлат иқтисодиёт университетида ҳам бўлишиб, у ердаги ўқув жараёнлари билан яқиндан танишдилар. Улар томонидан республикамиздаги олий таълим муассасалари ичиди ўз ўрнига эга ТДИУ мисолида малакали педагог кадрлар маҳорати, замонавий интеллектуал ҳамжамият билан интеграциялашув жараёнларига юқори баҳо берилди.
Улардан бири Чехиядаги Иқтисодиёт ва менежмент олий мактабининг иқтисодий тадқиқотлар маркази директори Катерина ШТЕПАНКОВАнинг фикрига эътибор беринг:
— Ўзбекистон — бетакрор диёр. Бу мамлакатнинг ҳар бир гўшаси ўзига хос гўзал ва мафтункор. Хусусан, пойтахтингиз ҳақиқий мегаполисга айланибди. Янги ва муҳташам биноларни айтмайсизми? Таълим муассасаларининг ярқираб туриши, улуғворлиги ҳар қандай кишининг диққат-эътиборини ўзига тортади. Айниқса, Тошкент давлат иқтисодиёт университетига борганимда, у ердаги шарт-шароит, энг илғор ва замонавий технологияларнинг барчаси муҳайё этилганлигидан катта таассурот олдим. Талаба-ёшларнинг хориждаги мутахассислар билан мутахассислик соҳалари бўйича хорижий тилларда мулоқотга киришаётган, таржимонсиз бемалол кўриб ҳайратланиб кетдим. Мана шу ҳолатнинг ўзиёқ ёшларнинг истиқболи ёруғ ва бу мамлакатнинг келажаги буюк эканлигидан далолат беради.
Умуман олганда, юртингизда таълим тараққиёти изчил давом эттирилмоқда деб айтишга барча асослар етарли. Шаҳару қишлоқлар инфратузилмасини ривожлантиришда ижтимоий иншоотларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлашга алоҳида эътибор берилаётгани бунда муҳим омил бўлмоқда. Айни пайтда дунёнинг кўплаб давлатларида молиявий-иқтисодий инқироз давом этаётган бир пайтда бундай тажриба ниҳоятда ноёбдир ва ундан ўрнак олса арзийди.
Демак, ТДИУнинг профессор-ўқитувчилари “Ўзбекистон маданияти ва санъати Форуми” жамғармасининг 2006 йилдан буён ўқув жараёнида педагогик технологияларни такомиллаштириш ва жорий этиш бўйича лойиҳаларда фаол иштирок этиб, педагогик грантларга сазовор бўлиб келаётгани бежиз эмас. Қувонарлиси, мазкур таълим муассасаси устоз-мураббийлари бу борадаги эзгу анъанани мудом давом эттирмоқдалар.
Шу ўринда айтиш жоизки, 2011 йилда танловга бир ярим мингдан зиёд ҳужжатлар келиб тушган бўлса, улар орасидан 50 нафари мустақил экспертлар томонидан ғолиб деб топилди.
Хабарингиз бор, 2004 йилнинг февраль ойида ташкил топган “Ўзбекистон маданияти ва санъати форуми” жамғармаси (Фонд Форум) маҳаллий илм-фан, маданият, маориф ва спортни қўллаб-қувватлаш учун бирлашган фуқаролар ва жамоат ташкилотларининг ихтиёрий ўз-ўзини бошқарувчи очиқ нодавлат бирлашмаси ҳисобланади. У ўзбек халқининг бой маданий мероси, миллий анъаналарини қайта тиклаш, етакчи жамоатчилик ва маданият арбобларининг ижодий салоҳиятини бирлаштириш, ёш истеъдод ва иқтидор эгалари, ижодкор сулолаларни қўллаб-қувватлаш соҳасида самарали фаолият юритиб келмоқда. Айни чоғда у Ўзбекистоннинг ноёб миллий маданияти, бой тарихий мероси ҳамда турфа замонавий санъати ҳақида объектив маълумотларни жаҳон ҳамжамиятига етказиш баробарида мамлакатимиз жамоатчилигини жаҳон маданиятидаги ўзгаришлар билан таништириб келмоқда.
Жамғарманинг муассислари ва васийлари орасида – Ўзбекистон ҳамда хорижлик таниқли маданият ва санъат арбоблари бор. Бугунги кунда унинг Пекин, Москва, Токио, Париж, Вена, Мадрид, Нью-Йорк, Берлин, Женева ва Лондонда бўлинмалари изчил ишлаб келмоқда. Қолаверса, Фонд Форум маданият, фан ва таълим соҳасидаги етакчи халқаро ташкилот бўлмиш ЮНЕСКОнинг расмий ҳамкорига айланган минтақадаги дастлабки ташкилотдир. Улар ўртасидаги Англашув меморандуми 2007 йилнинг март ойида Парижда имзоланган. Бундан ташқари, 2010 йили Фонд Форум БМТнинг Иқтисодий ва Ижтимоий Кенгаши (ЭКОСОС) қошида маслаҳатчи мақомига эга бўлди.
Ҳозирги кунда Педагогик грантлар дастури, Таълим грантлари дастури, Иқтидорли талабалар учун стипендиялар дастури, Спорт грантлари дастури, Анъанавий ҳунармандчиликни ривожлантириш учун грантлар, Ўзбекистондаги ҳудудий нодавлат нотижорат ташкилотларнинг ижтимоий аҳамиятли лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш грант дастури, Ёш тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш дастури, Ижтимоий cоҳа вакилларини қўллаб-қувватлаш учун муқобил энергия манбалари ташаббуси каби лойиҳалар кенг кўламда амалга ошириб келинмоқда.
Уларнинг орасида Педагогик грантлар дастурига бўлган қизиқиш ва унинг нуфузи йилдан-йилга ошиб бораётганига алоҳида тўхталиб ўтиш жоиз. Зеро, унинг асосида педагогик фаолиятни янада ривожлантириш учун ҳисса қўшиш, таълим бериш услуб ва усулларини мукаммаллаштириш, шунингдек, ижодий изланишларга туртки бериш, халқ таълими тизими педагогларини ойлик ва бир маротабалик грантлар бериш орқали моддий жиҳатдан қўллаб-қувватлашдек энг эзгу мақсадлар ўз ифодасини топган. Айни чоғда у таълимнинг барча босқичларини ўзида қамраб олган. Иштирокчилар ва ғолиблар сони йилдан-йилга ортиб бораётгани эса, албатта, қувонарлидир. Лойиҳа илк маротаба ўтказилган 2006 йил билан қиёслаганда, иштирокчилар сони 121 нафардан 1470 нафарга кўпайгани фикримиз тасдиғидир. Ҳозиргача 299 нафар педагог грант эгасига айланганини ҳам қайд этиш лозим.
Бу йилги ғолиблар орасида биз ҳикоя қилаётган олий таълим маскани вакиллари ҳам бор. Улар иқтисод фанлари доктори, профессор Баҳодир Бегалов, иқтисод фанлари доктори, профессор Баҳодир Ҳасанов, катта ўқитувчи Баҳор Ҳамраева, стажёр-тадқиқотчи-изланувчиси Равшан Ахмедходжаев ҳам жой олди. Бу эса Тошкент давлат иқтисодиёт университети жамоаси юртимизда таълим соҳаси ривожи учун яратиб берилган имкониятлардан унумли фойдаланиб келаётганидан далолат беради. Ўз ўрнида ушбу даргоҳ педагог-ходимлари ҳам ўзларининг бор истеъдод ва малакаларини ёш авлодни ҳар томонлама баркамол, жамият учун муносиб кадр бўлиб вояга етишлари йўлида сидқидилдан сарфламоқда.