Иқтисодиётни модернизациялаш ва диверсификациялаш асосида мутаносибликни таъминлашнинг асосий йўналишлари

Тошкент давлат иқтисодиёт университети “Иқтисодиёт назарияси” кафедраси томонидан амалга оширилаётган ОТ-Ф7-121 -  “Иқтисодиётда тежамкорлик ва мутаносибликни таъминлашнинг назарий-услубий асослари" мавзусидаги илмий тадқиқот иши доирасида 2011 йил 6 октябр куни “Иқтисодиётни модернизациялаш ва диверсификациялаш асосида мутаносибликни таъминлашнинг асосий йўналишлари” мавзусида республика илмий-амалий анжумани ўтказилди. 

Мазкур республика илмий-амалий анжумани мамлакатимиз иқтисодиётини модернизациялаш ва диверсификациялаш шароитида иқтисодиётда барқарор ўсиш суръатлари ва макроиқтисодий мутаносибликни таъминлаш асосий йўналишларининг назарий асосларини ёритиб бериш, уларни ўзаро мувофиқ ҳолда ривожлантириш ва такомиллаштириш юзасидан илмий-амалий тавсиялар ишлаб чиқишга қаратилган. 

Ушбу анжуманда Республиканинг бир қатор кўзга кўринган олимлари Олий мажлис депутатлари, иқтисодчи амалиётчилар, етакчи мутахассислар ўз қарашлари, фикр-мулоҳазалари билан билан иштирок этдилар. Жумладан, ТДИУ ректори проф. Н.Х.Жумаев “Иқтисодиётни мувозанатли ривожлантириш – инқирознинг олдини олиш ва барқарорликка эришишнинг муҳим йўналиши” мавзусида, Банк-молия академияси ректори проф. А.В.Вахабов “Банк-молия тизими ва молия бозорини модернизациялаш йўналишлари” мавзусида, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги ДЖҚА проф. Ҳ.П.Абулқосимов “Иқтисодий ўсиш – аҳоли турмуш даражасини барқарор ўстириш омили” мавзусида, ТДИУ профессори Ш.Шодмонов “Иқтисодиётни модернизациялаш ва диверсификациялаш шароитида мутаносибликни таъминлашнинг объектив зарурати” мавзусида, ТДИУ кафедра мудири доц. У.В.Ғафуров “Иқтисодиётда йирик ва кичик бизнес секторлари ўртасида мутаносибликнинг таркиб топиш ва амал қилиш тамойиллари” мавзусида маъруза қилдилар. Кўрсатиб ўтилган ва бошқа кўплаб маърузалар асосида конференцияда иқтисодиётни модернизациялаш ва диверсификациялаш шароитида мутаносибликни таъминлашни янада такомиллаштиришга доир қатор назарий ва амалий таклифлар ишлаб чиқилди.