Университетимиз дунёнинг турли давлатларидаги халқаро ташкилотлар ва институтлар билан ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйган бўлиб улар билан доимий тарзда тажриба алмашиб келадилар.
2012 йил 29 март куни Ҳиндистон молия институти ректор ўринбосари, профессор Аман Агарвал (Aman Agarwal) Тошкент давлат иқтисодиёт университетига ташриф буюрди.
Мазкур учрашувни университетимиз ректори профессор Нодир Жумаев кириш сўзи билан очиб берди ва учрашув меҳмони Ҳиндистон Молия институти ректори ўринбосари, Ҳиндистон молия журнали - “Finance India” муҳаррири, жаҳон ташкилотларининг етакчи экспертларидан бири, 130 дан зиёд халқаро анжуманларда турли молиявий-иқтисодий муаммоларга бағишланган мақола ва нутқлари билан иштирок этган, 2003 йилдан буён Тошкент давлат иқтисодиёт университетининг фахрий профессори Аман Агарвал маъруза қилди.
Профессор Аман Агарвал Ҳиндистоннинг молиявий-иқтисодий ривожланиши, таълим соҳасида олиб борилаётган ислоҳотлар, Ўзбекистон ва Ҳиндистон давлатлари ўртасидаги ҳамкорлик алоқаларининг тарихи, истиқболи ва бошқа муҳим масалалар тўғрисида нутқ сўзлади.
Профессор Аман Агарвал ўз нутқида Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов томонидан ишлаб чиқилган “Ўзбек модели” ни юқори баҳолаб, мамлакат барқарор ривожланишининг асосий омили сифатида ушбу модель хизмат қилишини таъкидлади.
Аман Агарвал Ўзбекистонда олиб борилаётган иқтисодий сиёсат ва таълим жараёнидаги янгиликлар юзасидан тажриба алмашиш ҳамда кадрлар сифатини оширишга қаратилган фикрлари билан ўртоқлашди.
Профессор Аман Агарвал жаҳон молиявий инқирози ва унга қарши чоралар, асосий муаммоларга алоҳида тўхталиб ўтаркан, Ўзбекистоннинг инқирозга қарши дастури пухта ишлаб чиқилганлиги, натижада мамлакатда иқтисодий ўсишнинг барқарорлиги таъминлаганлигига эътибор қаратди. Аман Агарвалнинг нутқи талабаларда жуда катта қизиқиш уйғотди, талабалар ўзларини қизиқтирган саволларига жавоб олдилар. Жумладан, профессор Аман Агарвал дунёдаги озиқ-овқат муаммоси ва Ҳиндистоннинг озиқ-овқат муаммоси борасидаги ечимлари, иқтисодий инқирозни бартараф этиш, Ҳиндистон ва Ўзбекистоннинг иқтисодий ривожланиш йўллари тўғрисида батафсил тўхталиб ўтди.