Зайнутдинов Шавкат Нуритдинович

Иқтисод фанлари доктори, профессор

Профессор Шавкат Нуритдинович Зайнутдинов “Менежмент, меҳнат ва ишлаб чиқаришни ташкил этиш” йўналишида  илмий мактаб яратган етакчи иқтисодчи  олим ҳисобланади. Ушбу йирик мактабда  профессор Ш. Зайнутдинов 2 та фан доктори, 10 дан ортиқ фан номзодига илмий раҳбарлик  қилиб, илмий педагогик кадрлар тайёрлашга ўз ҳиссасини қўшмоқда.

Профессор Ш. Зайнутдинов ҳозирги кунда 430 дан ортиқ  умумий ҳажми 500  б.т. дан иборат илмий ишлар эълон қилиб, шундан 13 таси дарслик ва ўқув қўлланма, 7 таси илмий монография  ҳамда рисолалар бўлиб, улар асосан бозор иқтисодиёти, иқтисодиёт ва унинг тармоқларини бошқариш механизмини такомиллаштириш ҳамда унинг самарадорлигини ошириш, корпоратив  бошқарув, таваккалчиликни бошқариш, персонални бошқариш масалалари ҳамда бошқарув соҳасида иқтисодий ислоҳотларнинг назарий-услубий асосларини бойитиш ва Ўзбекистонда менежмент фанининг долзарб илмий муаммоларига бағишланган илмий ишлари нуфузли халқаро ва республика нашриётларида чоп этилган.

Шу билан бирга профессор Ш. Зайнутдиновнинг янги иқтисодиётга ўтишга доир илмий ишлари Германия, Жанубий Корея ва Россия каби хорижий мамлакатларда чоп этилган.

Сўнгги йилларда профессор Ш. Зайнутдинов иқтисодиёт ва менежментга оид илмий ишларида янги иқтисодиётга ўтиш, инновацион менежмент фанини шакллантириш ва ривожлантириш, Ўзбекистонда иқтисодиётни бошқариш миллий моделини шакллантириш ва бошқа илмий ғояларни амалга оширишга катта эътибор қаратмоқда.

Шунингдек, профессор Ш. Зайнутдинов ўзи яратган дарслик ва ўқув қўлланмалар билан Ўзбекистонда миллий иқтисодчи кадрлар тайёрлаш “Таълим тўғрисида”ги Қонун ҳамда “Кадрлар тайёрлаш миллий дастури”ни  амалиётга жорий этишда улкан  ҳисса қўшиб келмоқда.

Профессор Ш. Зайнутдинов Ўзбекистонда хизмат кўрсатган иқтисодчи ва  олий таълим аълочиси фахрий унвонларига эга, Халқаро меҳнат ва бандлик академиясининг ҳақиқий аъзоси ҳамда Тошкент давлат иқтисодиёт университети ва Россия иқтисодиёт университетларининг фахрий профессори.