“Миллий иқтисодиётни модернизациялашда ахборот-коммуникация технологияларининг роли” мавзусида халқаро илмий-амалий анжуман бўлиб ўтди

Ўзбекистон Республикаси миллий иқтисодининг ижтимоий йўналтирилган бозор муносабатларига босқичма-босқич ўтиши ҳамда илмий-техника тараққиёти жамиятимиз ижтимоий-иқтисодий ҳаётининг турли жабҳаларига ахборот-коммуникация технологиялари соҳасидаги барча ютуқларни тадбиқ қилиш даражасини тезлаштириб юборди. Мамлакатимиз миллий иқтисодиёти  тармоқ ва соҳаларини ахборотлаштириш жамият ривожланишининг объектив жараёни ва зарур бўлган ахборотларни йиғиш, сақлаш, узатиш, қайта ишлаш ва тақдим этишнинг табиий давомидир.

Ахборот-коммуникация технологияларининг ҳаётимизнинг турли жабҳаларига кириб бориши ахборотлашган жамиятни шакллантиришга замин яратиб бермоқда. «Электрон таълим», «Электрон ҳукумат», «Электрон бошқарув», «Масофавий таълим», «Очиқ таълим», «Ахборотлашган иқтисод» каби тушунчалар ҳаётимизга кириб келмоқда.

Республикамиз миллий иқтисодиёти тармоқ ва соҳаларига ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш борасида амалий ишлар Ўзбекистон Республикасининг «Ахборотлаштириш тўғрисида»ги Қонуни, «Компьютерлаштиришни янада ривожлантириш ва ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш тўғрисида» Ўзбекистон Республикаси Президенти Фармони, «Компьютерлаштиришни янада ривожлантириш ва ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида» Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Қарорлари  асосида олиб борилмоқда.

Ўзбекистон Республикасида дастурий маҳсулотлари бозорини шакллантириш борасида ҳам бир қатор амалий ишлар олиб борилмоқда. Бизнинг тадбиркорлар ҳам дастурий маҳсулотларни ишлаб чиқиш ва экспорт қилиши мумкин, бунинг учун умумий шароитлар, интеллектуал потенциал ҳам етарлидир.

Юқоридагиларни эътиборга олган ҳолда Тошкент давлат иқтисодиёт университети “Ахборот технологиялари ва статистика” факультетининг “Иқтисодиётда ахборот тизимлари” кафедраси 2011 йил 15 ноябрь куни  “Миллий иқтисодиётни модернизациялашда  ахборот-коммуникация технологияларининг роли” мавзусида халқаро илмий-амалий анжуманини ўтказди.

Konf1

Анжуманни кириш сўзи билан Тошкент давлат иқтисодиёт университети ректори, профессор Н.Х.Жумаев очиб бериб, Ўзбекистонда ахборот- коммуникация технологиялари  соҳасида олиб борилаётган амалий ишлар хақида тўхталиб ўтди.

Konf2

Анжуманда Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг бошқарма бошлиғи Р.Мусурмонов, Олий Мажлис қонунчилик палатаси депутати, профессор И.З.Абдуллаев, Озорбайжон РеспубликасинингЎзбекистон Республикасидаги фавқулотда ва мухтор элчиси Н.Р.Аббасов, Япон-корейс-ўзбек қўшма корхонаси бош директори жаноб Ан Жай Кунлар ўзларининг табрик сўзлари билан  иштирок этдилар.

Булардан ташқари  ўз маърузалари билан  ахборот-коммуникация технологиялари бўйича  «Intelligent Solutions»  халқаро ташкилоти менежери М.Х. Пасламускас, Ўзбекистон Республикаси Дўстлик жамияти раиси,  академик С.С. Ғуломов, Ренмин университети (ХХР) докторанти  Қи Жу Зу, Давлат солиқ қўмитаси “Ахборот технологиялари” бошқарма бошлиғи  Х.А.Шокиров,  “Алгоритм инжинеринг” илмий-тадқиқот институти лаборатория мудири,  профессор Г.К.Ишанходжаев,  Вестминистр университетининг “Иқтисодий билимлар” кафедраси  мудири, профессор Т.Ш.Шодиев,  Ўзбекистон Республикаси молия вазирлиги қошидаги ўқув маркази “Бухгалтерия ҳисоби ва ахборот технологиялари” кафедраси мудири, профессор Т.С.Қўчқоров, Тошкент ахборот технологиялари университети “Информатика ва компьютер графикаси” кафедраси мудири, профессор Ш.А.Назиров, Тошкент давлат педагогика университети  “Таълимда информатика ва ахборот  технологиялари”  кафедраси доценти Р.Р.Бакиев, Тошкент давлат техника университети “Менежмент” кафедраси мудири Ф.А.Мирбабаев,  ООО “Norma Hamkor” дастурий таъминотларини ишлаб чиқиш  фирмаси директори  К.Л.Иванов, Тошкент давлат иқтисодиёт университети “Иқтисодиётда ахборот тизимлари” кафедраси мудири, доцент И.Е.Жуковскаялар ўзларининг маърузалари билан қатнашдилар.

Миллий иқтисодиётнинг барча тармоқларида уларнинг  нормал фаолиятини таъминлаб берадиган ахборот-коммуникация технологиялар менежерлар учун стратегик қуйилмаларга айланмоқда. Ахборот тизимлари корхона ичидаги ахборот ва билимлар оқимини оптималлаштириш ва ундаги билимлар заҳирасидан самарали фойдаланиш учун хизмат қилмоқда. Хизматчиларнинг меҳнат унумдорлиги фойдаланилаётган тизимнинг сифатига боғлиқ бўлганлиги учун ахборот-коммуникация технологияларига нисбатан қабул қилинадиган қарорлар фирмалар ривожланишида муҳим ҳисобланаётгани маърузачилар томонидан таъкидлаб ўтилди.

Анжуманда ахборот-коммуникация технологияларидан самарали фойдаланиш бўйича қилинаётган амалий ишлар хақидаги маърузалар  катта қизиқиш билан тингланди.

Ҳозирги кунга келиб ахборот тизимлари корхоналар менежерлари учун катта аҳамият касб этаётгани, улар корхонанинг тараққий этиш ва ривожланишида асосий омиллардан ҳисобланаётгани кузатилмоқда. Ахборот тизимлари асосида корхоналар янги бозорларга кириб бориши, янги товар ва хизматларни таклиф этиши ва бизнесни амалга оширишнинг янги усулларини таклиф қилмоқда. Бизнес-жараёнларининг тубдан ўзгаришига тўртта омил жиддий таъсир кўрсатаётгани, яъни биринчидан – глобал иқтисодиётнинг пайдо бўлиши ва ривожланиши, иккинчидан - индустриал иқтисодиётнинг билим ва ахборотларга асосланган иқтисодиётга айланиши, учинчидан – корхоналар бошқарувининг тубдан ўзгариши ва тўртинчидан – киберкорпорацияларнинг (рақамли корпорация) пайдо бўлиш анжуман иштирокчилари томонидан таъкидлаб ўтилди.

 
“Ахборот технологиялари ва статистика” 
факультети декан муовини,
О.Умаров.