“Дистрибьюция ва дилерлик фаолиятини ташкил этиш ҳамда уларни бухгалтерия ҳисобида акс эттириш муаммолари” мавзусидаги иқтидорли талабалар илмий семинари

2012 йил 24 март куни Тошкент давлат иқтисодиёт университети “Бухгалтерия ҳисоби ва аудит” факультети қошидаги “Иқтидорли талабалар” клубининг навбатдаги илмий семинари бўлиб ўтди.

Илмий семинарда университетнинг илмий ишлар бўйича проректори, профессор Б.А. Бегалов, “Бухгалтерия ҳисоби ва аудит” факультети декан муовини X. Ҳасанов, “Бухгалтерия ҳисоби” кафедраси мудири проф, Р. Холбеков, “Бухгалтерия ҳисоби” кафедраси катта ўқитувчисиА. Исамухаммедов ва факультетнинг “Иқтидорли талабалар” клуби аъзолари иштирок этдилар. 

Семинарни кафедра мудири проф. Р. Холбеков қисқача кириш сўзи билан очиб, семинар қатнашчиларини қутлади ва ўз сўзида ҳозирги кунда ёшларимизга яратилаётган шарт - шароитлардан талабаларимиз оқилона фойдаланиши лозимлигини, шу ўринда Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов 22 март куни Алишер Навоий номидаги Миллий боғда ўтказилган “Наврўз” байрамига бағишланган тантанада сўзлаган табрик нутқида ёшларимизга қарата: “Шу азиз ва муқаддас Ватанимиз сизларга, сизларнинг ҳар бирингизга ишонади. Ана шундай юксак ишонч барчангизга мададкор бўлсин, куч-қувват берсин. Шу ишончга ҳамиша муносиб бўлинг, азиз фарзандларим!” дея қилган мурожаатини таъкидлаб ўтди. Семинарда биринчи бўлиб, БР-77 гуруҳи талабаси Гулноза Ходжаева “Дистрибьюцияни ташкил этиш ва унинг бухгалтерия ҳисобида акс эттирилиши” мавзуси бўйича тақдимот қилди. БР-77 гуруҳи талабаси Мухлиса Нурматова эса “Дилерлик фаолияти ва унда учрайдиган хатоликлар” мавзуси бўйича тақдимот қилиб, муаммоли саволларни ўртага ташлади. 

Семинарда эксперт сифатида қатнашган “Иқтисодий таҳлил ва аудит” кафедраси катта ўқитувчиси Азиз Исамухаммедов ҳам ўз фикр ва мулоҳазаларини клуб аъзоларига ҳавола этди. Семинар баҳс-мунозарага бой тарзда ўтди.  

Семинар якунида “Бухгалтерия ҳисоби” кафедраси мудири профессор      Р.О. Холбеков 22-23 март кунлари Россия Федерациясининг Ростов-Дон шаҳрида жойлашган Жанубий Россия Иқтисодиёт ва сервис университетида бўлиб ўтган илмий-амалий анжуман иштирокчиси бўлганлиги ва олган таассуротлари ҳақида иқтидорли талабалар билан ўртоқлашди.