Тошкент давлат иқтисодиёт университетининг халқаро ҳамкорлиги янада кенгаймоқда

Бир неча йиллардан бери Тошкент давлат иқтисодиёт университети Донецк туризм бизнеси институти билан ўзаро ҳамкорликда талабаларнинг халқаро илмий-амалий анжумани ўтказиб келинади.  2012 йил 19-20 апрель кунлари университет ректорининг буйруғи билан “Халқаро туризм” факультетининг бир гуруҳ талабалари Донецк шаҳрида ўтказилган “Саноат туризми: муаммолар ва ривожлантириш истиқболлари” мавзусида ХIV халқаро илмий-амалий анжуманида иштирок этдилар. Жумладан, “Менежмент (туриз)” таълим йўналиши 3-босқич талабалари Ш.Сулайманов, А.Хаитбоев, “Туризм ва меҳмонхона хўжалиги сервиси” таълим йўналиши 2-босқич талабаси М.Йўлдошев, “Хизматлар соҳасини ташкил этиш ва бошқариш” таълим йўналиши 1-босқич талабаси Б.Умаровлар маъруза қилдилар. “Халқаро туризм” факультети декани муовини Б.Мамаев илмий раҳбар сифатида Ўзбекистон делегациясига бошчилик қилди.

Анжуманда 5та МДҲ мамлакатларининг 28 та олийгоҳидан 300га яқин талабалар ўзларининг саноат туризмига бағишланган илмий мавзуларда маъруза қилдилар. Жумладан, анжуманнинг ялпи мажлисида факультетнинг    3-босқич талабаси Ш.Сулайманов “Ўзбекистон - шарқ дурдонаси” мавзусида (илмий раҳбар и.ф.н., доц. Хамидов О.Ҳ.) маъруза қилди. Анжуманнинг асосий кириш қисми тугагач, ташкил этилган шуъбалар ишида талабаларимиз Б.Умаров 1-босқич талабаси (илмий раҳбари и.ф.н., кат.ўқит. Мамаев Б.Н.),     А.Хаитбоев (илмий раҳбари кат.ўқит. Нарзуллаева Д.К.) ҳамда М.Йўлдошев (илмий раҳбари кат.ўқит. Нарзуллаева Д.К.)лар фаол иштирок этдилар.

Анжуман якунларига кўра ялпи мажлисда илмий маъруза қилган 3-босқич талабалари Ш.Сулайманов, А.Хаитбоевлар диплом билан, 1-босқич талабаси Б.Умаров эса фахрий ёрлиқ билан тақдирландилар. Шунингдек, анжуман якунида Донецк туризм бизнес институти президенти Анна Васильевна Кузьменко ТДИУ ректори номига ташаккурномасини ўқиб эшиттирди бу эса, ўз навбатида Ўрта Осиёдан келган ягона ўзбек делегациясига берилган катта баҳо эди. Донецкдан Ўзбекистонга қайтишда Россиянинг Ростов-на-Дону шаҳрида жойлашган Ростов давлат иқтисодиёт университетига ҳам ташриф буюрилди. Ростов давлат иқтисодиёт университети Халқаро алоқалар бўлими бошлиғи и.ф.н., доцент Олег Бодягин Ўзбекистондан ташриф буюрган меҳмонларни илиқ кутиб олиб, университет ҳаёти билан таништирди. Танишув чоғида Ростов давлат иқтисодиёт университетининг “Миллий ва жаҳон иқтисодиёти” факультети декани и.ф.д., проф. Владимир Михайлович Джуга билан учрашув бўлди. Меҳмонлар факультет ҳаёти билан таништирилди ҳамда келгусида яқиндан ўзаро ҳамкорлик шартномаларини тузиш ҳар икки томон учун муҳим эканлиги таъкидланди.