Банк-молия тизимининг барқарорлиги – иқтисодиётни ривожланиш асоси

Сўнгги йилларда мамлакатимиз Президенти И.А.Каримов ташаббусига кўра амалга оширилган чора-тадбирлар асосида банк-молия тизимининг барқарорлигига ва пировард натижада банкларнинг капиталлашув даражасининг ошишига эришилди.

Амалга оширилган чора-тадбирлар натижасида 2011 йилда мамлакатимизда 23 та тижорат банклари жаҳоннинг етакчи рейтинг агентликларининг “барқарор” рейтингини олишга сазовор бўлдилар.

Ушбу ҳолатлар эътиборга олинган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Марказий банки, Ўзбекистон Банклар Ассоциацияси ҳамда Тошкент Давлат Иқтисодиёт университети ҳамкорлигида “Иқтисодиётни модернизациялаш шароитида банк-молия тизимини барқарорлигини таъминлашни такомиллаштиришнинг асосий йўналишлари” мавзусида илмий-амалий анжуман ўтказилди.

Анжуманни университет ректори профессор Н.Х. Жумаев кириш сўзи билан очиб анжуман қатнашчиларини қутлади. Анжуманнинг ялпи мажлисида Ўзбекистон Республикаси Марказий банки бошқарув раиси ўринбосари Ш.Х. Хайдаров, Ўзбекистон Республикаси Молия Вазирлиги Ғазначилиги бошқарма бошлиғи Д.Х. Пўлатов, Ўзбекистон банклари Ассоциацияси Бош директори С.П. Абдуллаев, Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси солиқ услубиётини такомиллаштириш бошқармаси бошлиғи Н.И. Норбоев, “Агробанк” ОАТБ Ғазначилик департаменти бошлиғи  Ж.М. Қамбаровлар ўз маърузалари билан иштирок этишди. 

Илмий-амалий анжуман иштирокчилари томонидан сўнгги йилларда банк-молия тизимидаги ислоҳотлар натижасида эришилган ютуқлар, жумладан, банкларнинг капиталлашув даражаси, уларнинг барқарорлиги ва ликвидлилиги бўйича узлуксиз ва мақсадли амалга оширилган чора-тадбирлар, бюджет-солиқ тизимини ривожлантиришдаги ҳуқуқий асосларнинг такомиллашуви, 1991 – 2011 йилларда солиқ ва бошқа мажбурий тўловларнинг унификациялашуви бўйича олиб борилган ишлар таъкидлаб ўтилди.

Сўнгги беш йил ичида мамлакат банк сектори капиталининг етарлилик даражаси банк назорати бўйича Базел қўмитаси томонидан ўрнатилган халқаро меъёрлардан (8 %) уч баробар кўп даражада сақланиб турибди.

Банклар фаолияти самарадорлигининг асосий кўрсаткичи бўлиб, аҳолининг банк тизимига бўлган ишончининг ошганлиги ҳисобланади. Чунончи, фақатгина 2011 йилда банк депозитларига маблағларни жалб этиш 18 трлн. сўмдан ошди ва унинг ўсиш даражаси 2010 йилга нисбатан 36,3 %ни ташкил этди.

Банкларни кредит портфели сифат жихатидан тубдан ўзгармоқда. Агар 2000 йилда кредит портфелининг 54 %ини ташқи қарзлар ҳисобидан шакллантирилган бўлса, 2011 йилда унинг 85,3 фоизини ички манбалар юридик ва жисмоний шахслар депозитлари ҳисобидан шакллантирилди.

Иқтисодиётнинг реал секторини солиқлар орқали рағбатлантириш механизми фаол амалга оширилди ва солиқ ҳамда бошқа мажбурий тўловлар доимий  унификациялаштирилиб, уларнинг сони 1991 йилдаги 26 тадан 2011йилда 15 тага туширилди.

Анжуманда асосий эътибор тижорат банкларининг иқтисодиётни модернизациялаш ва таркибий қайта қуришдаги аҳамиятини кучайтириш, уларнинг инвестицион фаоллигини ошириш, тижорат банкларининг инвестицион лойиҳаларни молиялаштириш жараёнини такомиллаштириш, иқтисодиётда солиқ юкини пасайтириш ва солиқ ставкаларини оптималлаштириш, Давлат бюджетининг ғазна ижросини таъминлашдаги муаммоларни ҳал этиш масалаларига эътибор берилди. Бундан ташқари банкларнинг депозит сиёсатини такомиллаштириш, тижорат банклари фаолиятига янги инновацияларни жорий этиш масалалари, солиқ сиёсатининг устувор йўналишлари  ва бошқалар кўриб ўтилди.

Анжуман иштирокчилари баҳс-мунозара шаклида банк-молия тизимини барқарорлигини мустаҳкамлашнинг долзарб масалаларини муҳокама қилдилар ҳамда мамлакат иқтисодиётини келажакда барқарор ўсишини таъминлашда банк-молия тизимининг аҳамиятини ошириш бўйича амалий таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқдилар. Хусусан, банк-молия тизимининг қонуний ва меъёрий-ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш, банкларнинг капиталлашув даражасини ошириш, депозит фаолиятини янада кучайтириш, замонавий ахборот технологиясига асосланган янги турдаги банк  хизматларини ишлаб чиқиш ва жорий этиш, банкларнинг инвестицион фаоллигини ошириш, бюджет-солиқ тизимини такомиллаштириш бўйича ишлаб чиқилган амалий таклиф ва тавсиялар шулар жумласидандир.