Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Истеъдод” жамғармаси грант совриндорлари

Мустақиллигимизнинг 20 йиллик тараққиёти давомида ижтимоий ва иқтисодий соҳаларда жуда катта ютуқларга эришилди. Ёш педагогларимиз ва илмий кадрларимизнинг  кенг ижод қилишлари учун ҳар томонлама яратиб берилаётган шароитлар, уларнинг имконият ва истеъдодларини янада кенгроқ намоён этиб, амалга оширилаётган ислоҳотларда муносиб иштирок этишларига замин бўлмоқда. Бунга Ўзбекистон Республикаси Президентининг истиқболли ёш педагог ва илмий кадрлар малакасини ошириш мақсадида “Истеъдод жамғармаси” чет эл олий ўқув юртлари ва илмий марказларида малака ошириш учун  2011-2012 ўқув йилида грант совриндорлиги  эълон қилингани яққол мисол бўла олади. Ушбу грантда 28 хил йўналишда танлов элон қилинди. Бу йўналишларнинг 7 тасида Тошкент давлат иқтисодиёт университети ўзининг ёш педагог ва илмий кадрлари  билан қатнашди. Жами 11 кишидан, жумладан Ахборот технологиялари йўналишидан - 1 нафар, Педагогика ва психология йўналишидан - 2 нафар, Менежмент ва маркетинг йўналишидан - 2 нафар, Туризм ва сервис йўналишидан  - 3 нафар, Бизнесни бошқариш йўналишидан - 1 нафар, Молия ва кредит  йўналишидан - 1 нафар, Халқаро иқтисодий муносабатлар йўналишидан - 1 нафар ходимларимиз қатнашишди.

Ушбу танлов 2011 йилнинг март ва май ойлари оралиғида ўтказилди ва бу танлов 3 босқичда давом этди. 1-босқичда ёш педагоглар ўзаро университет миқёсида беллашдилар, 2-босқичда даъвогарларнинг ўз мутахассислиги бўйича чет тилини билиш даражаси, компютер саводхонлиги даражалари аниқланди ва ниҳоят 3-босқичда талабгорларнинг тарих, маданият ва маънавият соҳасидаги, шунингдек чет тилларидан бирини билиш даражасини аниқловчи ҳамда ахборот технологиялари соҳасидаги билимлар юзасидан тест имтиҳонларидан ўтдилар.

Юқоридаги босқичлардан ўтган илмий ходимларимиз, жумладан                “Макроиқтисодиёт” кафедраси стажер-тадқиқотчи изланувчиси  Х.Шукуров, “Банк иши” кафедраси катта ўқитувчиси Л.Харченко, “Маркетинг” кафедраси доценти У.Мухитдинова, “Сервис” кафедраси мудири О. Хамидов, “Корпоратив бошқарув” кафедраси стажер-тадқиқотчи изланувчиси З.Ашуров ҳамда “Иқтисодиётда ахборот тизимлари”  кафедраси стажер-тадқиқотчи изланувчиси Б.Саидовлар грант ғолиби деб эълон қилинди ва хорижий мамлакатларнинг таълим ва илмий муассасаларида қисқа муддатли малака ошириш ва тажриба алмашиш ҳуқуқига эга бўлишди.

Санжар АДИЗОВ,
Илмий ва илмий педагогик
 кадрларни тайёрлаш
бўлими  ходими